Шавкат Мирзиёев вертолётда Қоракўл ва Олот туманларидаги ҳолатни кўздан кечирди

Давлатимиз раҳбари Олот тумани марказида маҳаллий аҳоли вакиллари, фаоллар билан учрашувда кечаги кучли шамол кутилмаган ва илгари кузатилмаган табиий офат бўлганини, одамлар турмуши, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга салбий таъсир қилганини афсус билан қайд этди.

Халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп енгиб ўтган. Бу сафар ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилиб, талафот оқибатлари тезда бартараф этилади. Энг муҳими, руҳни туширмай, биргаликда курашсак, бу қийинчиликлардан кучли бўлиб чиқамиз, деб таъкидлади Президентимиз.

Турар-жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланди.