Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шахснинг қарз юки, унинг чегараси кредит тарихида акс этади

Жорий йилнинг 10 ойида жисмоний шахсларнинг бош бошқармага йўналтирилган мурожаатлари бўйича 134 ҳолатда кредит ажратилди. Ўртача ойлик даромадлари кредит тўловларига етмаслиги ёки фуқаронинг бошқа кредит ташкилотидан қарзи мавжудлиги учун 47 ҳолатда кредит ажратилиши қонуний рад этилган. 2020 йил 1 ноябрь ҳолатида вилоятимиздаги тижорат банкларида 34 минг 132 нафар жисмоний шахснинг кредит (микроқарз)лар бўйича 34,4 миллиард сўм муддати ўтган қарздорлиги мавжуд.

Шу ўринда фуқароларнинг кредит (микроқарз) бўйича жорий ёки муддати ўтган қарздорлик бўлган шахслар яна кредит олиши мумкинми, кафилнинг тўлов қобилияти қандай ҳисобланади? Қарз олувчи, биргаликда қарз олувчи, кафилларнинг кредитлар (микроқарзлар) бўйича жорий ва муддати ўтган қарзлари, улар томонидан берилган кафилликлар ҳақидаги маълумотлар қаердан олинади, каби саволларига жавоб бериб ўтсак.

“Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги низомга асосан тижорат банкларига илгари олинган кредитлар (қарзлар) бўйича сўндирилмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлганда жисмоний шахсларга янги микромолиявий хизматлар кўрсатиш тақиқланади. Демак, тижорат банклари илгари олинган кредитлар (қарзлар) бўйича сўндирилмаган муддати ўтган қарздорлик бўлганда жисмоний шахсларнинг микромолиявий хизматлар кўрсатиш ҳақидаги мурожаатларини рад этади.

Қарз юки кўрсаткичи ҳар бир қарз олувчига банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан микроқарз ёки ломбардлар томонидан кредит (микроқарз) ажратишда унинг суммаси ва қарз олувчининг амалдаги кредит (микроқарз) шартномалари бўйича асосий қарз қолдиғи йиғиндиси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошганда ҳисобланади (ҳозирги кунда бу 11 150 000 сўм). Демак, жисмоний шахс кафил сифатида иштирок этган кредитлар (микроқарзлар) бўйича муддати ўтган тўловлар юзага келиши ушбу шахснинг ўзининг кредит (микроқарз) олиш имкониятини пасайтиради. Шунинг учун ҳар бир шахс биргаликда қарз олувчи ҳамда кафил сифатида иштирок этган кредитлар (микроқарзлар) бўйича қарздор томонидан шартнома шартларига риоя этилиши ҳолатини назоратга олиб бориши лозим.

Қарз олувчи(лар)нинг ўртача ойлик даромадларини аниқлашда иш берувчи томонидан тасдиқланган иш ҳақи, пенсия миқдори, фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги ҳамда фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган ва шулар каби бошқа доимий тарздаги даромадларини тасдиқловчи маълумотлар талаб этилади.

Қарз берувчи томонидан кредитлар (микроқарзлар) ажратилаётганда жисмоний шахснинг қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги керак.

Амалий мисол ёрдамида тушунтириб ўтамиз: фуқаронинг ҳар ойда тенг миқдордаги график тўлови бўлган, йиллик 20 фоиз ставкада 1 йил муддатга олинган 6 миллион сўм кредити бўйича 2 миллион сўм қарздорлиги мавжуд. Тақдим этилган янги кредит ариза суммаси - 15 миллион сўм, муддати - 18 ой, фоиз ставкаси 22 фоиз. Демак, амалдаги қарздорлик ва сўралаётган кредит йиғиндиси 17 миллион сўм. Бу базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 11 миллион 150 минг  сўмдан кўп, банк қарз юки кўрсаткичини ҳисоблайди.

Қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги кераклиги ҳақидаги талабдан келиб чиқиб, қарз олувчи ва биргаликдаги қарз олувчининг ўртача ойлик даромадлари йиғиндиси 3 миллион 418 минг сўмга тенг ёки юқори бўлганда мазкур ариза банк томонидан қаноатлантирилиши мумкин. Бундан кам бўлганда эса кредит суммаси мутаносиб равишда камайтирилади.

“Кредит ташкилотлари томонидан кредит ахборотининг давлат реестрига ва кредит бюроларига кредит ахборотини тақдим этиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан:

- кредит ташкилотлари ўзларидаги мавжуд кредит ахборотини қайд этилганидан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан кредит ахборотининг давлат реестрига (КАДР) ва кредит бюроларига тақдим этишлари шарт;

- Марказий банк кредит ташкилотларининг кредит ахборотини йиғади, улар бўйича кредит ахбороти маълумотлар базасини шакллантиради ва КАДРни юритади.

- кредит бюролари ҳар бир қарздор бўйича унинг охирги 5 йилдаги ижобий ва салбий характердаги кредит ахборотини ўз ичига олувчи кредит тарихлари маълумотлари базасини ишлаб чиқади.

Кредит тарихи 5 йил мобайнидаги кредит ахборотлари асосида шакллантирилади. Ҳар бир мижоз кредит (микроқарз) шартномалари бўйича ўз мажбуриятларини шартномада белгиланган муддатлар ва тартибда бажариб бориши энг аввало ўзи учун манфаатли ҳисобланади.

Шерзод СУВОНҚУЛОВ,

Марказий банкнинг Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.