“Шоир-бастакор-хонанда” учлиги доирасида ишлаш – Зомин семинари янгилиги
Шу йилнинг 5-8 июль кунлари республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида бўлиб қайтдим. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган тадбир, мана йигирма тўрт йилдирки, анъанага айланиб, ўзгача руҳда ўтказиб келинмоқда. Тўрт кун давом этган семинарнинг таассуротлари тўрт ой сўзласам ҳам адо бўлмайдигандек.
Зомин тоғларининг сўлим Ўриклисой масканида жойлашган оромгоҳ тўрт кун давомида шеърдан ҳайратланди, ҳайратлардан эса шеърга айланди. Ўз бағрига юксак кўнгил эгалари бўлган ижод аҳлини жойлаган Зомин тоғларида гўзал ашъорлар акс-садо берди.
Семинарда “Устоз-шогирд” анъанасига кўра, ёш ижодкорларнинг машқлари таҳлил қилинди ва уларга устозлар томонидан йўл-йўриқлар кўрсатилди. Aдабиётшунос олимлардан Нурбой Жабборов, Қозоқбой Йўлдошев, Aҳмаджон Мелибоев, шоирлардан Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Aзиз Саид, Сирожиддин Рауф, Салим Aшур, Зебо Мирзо, Хосият Рустамова, Нодир Жонузоқ, Ориф Тўхташ, носирлардан Исажон Султон, Шойим Бўтаев, Aбдуқаюм Йўлдошев каби устозлар биз, шогирдларига эринмасдан, оғринмасдан, хатоларимизни тушунтирган ҳолда машғулот ўтишди.
Зомин семинарига борган ҳар бир ёшнинг ижоди ўзига хос бир олам эканлиги устозлар томонидан таъкидланди. Бу вилоятлардаги ҳудудий саралаш босқичлари адолатли тарзда ўтганлигидан далолат беради. Биз вилоятимиз шаънини ҳимоя қилиш истагида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Тошпўлат Тугалов ташкилотчилигида икки шоир ва икки носир Зомин заминига қадам қўйиб, катта давраларда Самарқанд адабий муҳити ҳақида тасаввур беришга интилдик. Устозлар бизнинг ижодимизни ҳам эътироф этишди.
Тўрт кун давом этган катта анжуман назм ва наво кечасига айланиб кетди. Шунингдек, мазкур йилда Зомин семинари дастурига янгилик сифатида киритилган “Шоир-бастакор-хонанда” учлиги доирасида ишлаш ҳам ўз натижаларини кўрсатди: хонанда ва бастакорлар чиройли ва шеър матнлари билан танишдилар, келажакда ҳамкорликда ишлашга келишиб олдилар.
Семинар сўнгида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан ҳар бир иштирокчига қимматбаҳо совғалар ва “Зомин- 2021” статуэткалари тақдим этилди.
Шундай ҳаяжонли лаҳзаларда Ўзбекистонда туғилганимга шукроналик келтирдим. Бир фарзандини қўлига қалам тутгани учунгина шунчалар эъзозлайдиган юрт – менинг юртим! Шу юртда туғилиб, шу юртда ижод қилаётган ҳар бир ёш бахтлидир, чунки бугунги кунда биз, ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бор гап.
Ситорабону Шомуродова,
Зомин семинари иштирокчиси.