«Шуҳрат»нинг асоси меҳнатда
Қизиқ парадокс: фаолиятим давомида юз ёшга тўлганларнинг, 90 ёшдан ошганларнинг кўпчилиги билан суҳбатлашганман, уларнинг ҳаммасида битта умумийлик бор. У ҳам бўлса меҳнат, тинимсиз ҳаракат.
Энг қизиғи, уларнинг яқинлари ҳам «Онангизни 100 ёшга кириш сири нимада деб ўйлайсиз?» деган саволимизга биринчи навбатда “Онам жуда меҳнаткаш аёл, эсимни билганимдан бери онамни меҳнатда кўрганман”, деб жавоб беришади.
Яқинда Президентимиз Фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланган иштихонлик Бувсара Саидова фарзандлари билан суҳбатлашганимда улар ҳам худди шу фикрни билдиришди.
Етти нафар фарзанднинг онаси, 80 га яқин невара, чевара, 70 га яқин эвара ва ҳатто бир нафар панневара момоси Бувсара она асли Каттақўрғоннинг Мойбулоғидан. Иштихонга келин бўлиб тушгач, турмуш ўртоғи Авазхон Саидов билан ҳаётнинг гоҳ мураккаб, гоҳ хотиржам ва бахтли даврларини кўрди. Уруш йилларидаги қийинчиликларни меҳнат билан ўтказди. Аммо нолимади, ўзини аямай ишлади. Боғдорчиликда пешқадам бўлишди, пилла топшириш режасини неча ўн йиллар давомида ҳаммадан юқори даражада уддалади.
Байрам арафасида онахонга давлатимизнинг юксак мукофоти вилоят ҳокимининг ўринбосари Зебинисо Раҳмонова ҳамда Иштихон тумани ҳокимлиги масъуллари гуруҳ жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали тарзда топширилди.
- Бу кунларнинг ҳар бир лаҳзаси азиз, қадрли, - дейди онахон ўз миннатдорчилигини изҳор этаркан. – Тинч, ҳамма шароитлари яратилган замонда нон топиш учун ҳаракат бу энг катта бахт. Меҳнат қилган одам фаровон яшайди. Лекин қийин замонлар, далада беш дақиқа дам ололмай ишлашнинг заҳмати осонмас. Шу кунларни бошимиздан ўтказдик, лекин ўшандаям нолиган эмасмиз. Нолишдан ортиқроқ бахтсизлик йўқ, аслида.
Боғихон маҳалласида доим намунали оила сифатида эл ҳурматида бўлган ушбу оила бугун ҳам одамларнинг эътибори ва эъзозида. Бунинг замирида ҳам ҳалол меҳнат, фидойилик бўлса ажабмас.
Г.Мўминова.