Сирли ғорга саёҳат: Тарағай қаърида қандай хазина яширинган?

Ривоятларга кўра, Амир Тарағай хизматкорларига 400 бош қўйни Самарқанднинг Қир бозорида сотиб, пулини олти ёшли Амир Темур орқали бериб юборишни буюради. Аммо ёш Темур бу пулларни бозорда тиланчилик қилиб юрган етим-есирларга тарқатиб юборган. Ортга қайтиш фурсати етганида эса у отасининг қаҳридан қўрқиб, Ҳисор тоғлари бағрида, жойлашган, чиқиш мушкул бўлган Тарағай тоғига қочиб кетади. Аскар ва қишлоқ аҳлининг бир неча кунлик қидируви самара бермагач, бир чўпон тоғ чўққисидаги фақат чўпонлар биладиган яширин ғорга бориб, Темурни топади ва ортга қайтаради. Ўшандан бери маҳаллий аҳоли бу ғорни Тарағай ёки Амир Темур ғори деб атайди.

Тарихимиз турли ривоят ва афсоналарга бой. Аждодларимизнинг саргузашту қаҳрамонликлари, пирларнинг кароматлари, яширилган хазиналар - оғиздан оғизга, авлоддан авлодга ўтиб келаётган турли ҳикоялар ким учундир эртак, кимлар учундир чиндир. Хусусан, юртимизда номи соҳибқирон Амир Темур билан боғланадиган бир нечта ғор борки, улар ҳақида ҳам бир-биридан қизиқарли афсоналар айтилади. Биз ана шундай афсоналардан бирини текшириб кўриш мақсадида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманига, Тарағай тоғидаги ўша машҳур ғорга қараб йўл олдик.

Тоғ этагидаги қишлоқ

Эрта тонг, кун ёришиши билан йўлга отландик. Бизга Ўрта Осиё бўйича туризм мутахассиси Ойбек Останов ҳамда унинг ёрдамчиси, ҳиндистонлик дўстимиз Вишну  Винагаям ҳамрохлик қилди. Узоқ йўл юриб, гоҳ йўлдан адашиб, соат 11:30 да Чироқчи туманидаги Говхона қишлоғига етиб келдик. Йўл бошловчимиз шу қишлоқдан, 67 ёшли Тожи бобо Мўминов. Мезбоннинг қистови билан тоғга кўтарилишдан олдин унинг уйига кириб, нафас ростладик. Шу баҳона говхоналиклар ҳаёти билан танишдик.

Биз учун тоғ, аммо говхоналиклар учун кичик тепалик ҳисобланадиган қияликларда, бир қарашда бир-бирига жуда яқин, лекин етиб бориш учун пастга тушиб, яна кўтарилиш керак бўладиган “олис”да дона-дона уйлар жойлашган. Энг дилга ёқадигани, ҳудудда атрофга салқинлик улашиб турувчи дарахтлар кўп. Айниқса, шаҳар ғала-ғовуридан чиқиб келганлар учун бу ерларнинг ҳавоси янада ёқимли ва тотли туюлади.

Қишлоқ одамлари ҳам уларни ўраб турган тоғлар сингари вазмин ва бағрикенг экан. Меҳмонларни жуда ҳурмат қилишади. Экспедициямиз давомида кимга мурожаат қилмайлик, барча очиқ чеҳра билан, баъзан ўз юмушини қолдириб бўлса-да, бизга кўмак беришга ҳаракат қилди. Бир сўз билан айтганда, олийжаноб инсонлар яшайдиган қишлоқ.

Говхоналикларнинг асосий даромади чорвачиликдан. Ҳар бир хонадоннинг 10-15 тача қўй-эчкиси, қорамоли бор. Эркаклар подани навбати билан тоққа, икки-уч кунга ҳайдаб кетади. Баъзи қишлоқларнинг чўпони бор. Улар тоғларни беш қўлидек яхши билар экан. 

Айтганимиздек, бу ерда дарахтларга меҳр бўлакча. Аҳоли қияликларга ишлов  бериб, боғу роғлар яратган. 50-100 сотихлаб ерни қамраб олган бундай боғлар тоғ тепасидаги булоқлардан сув ичади. Терилган ҳосил Қалқама бозорида сотилади. Кўпчилик самарқандликлар севиб истемол қиладиган дўланаларнинг асосий қисми шу ерларда етилар экан. Лекин одамларнинг айтиши бўйича кейинги йилларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиб, булоқларнинг суви камайганлиги сабабли тирикчилик қилиш ҳам мураккаб бўлиб бормоқда.

Амир Темур ва ғор афсонаси

Тоғнинг биз қидираётган ғорга чиқиш жойи Говхонадан икки овул наридаги Тарағай қишлоғидан бошланади. Вақтни бой бермаслик учун тезроқ йўлга чиқдик. Йўл-йўлакай Тожи бобони гапга соламиз, асосий савол, англаганингиздек, ғордаги хазина ҳақида.

— Ғор ҳақидаги афсоналарни биз боболаримиздан эшитганмиз, улар эса ўз боболаридан, - дея гапни узоқдан бошлади отахон. – Қадимгиларга кўра, Амир Темурнинг ёшлиги ва аскарлик йиллари шу ерларда ўтган. У жангчиларини сиз кўриб турган тоғу тошлар орасида тайёрлаган. Биз бораётган ғор қўналға сифатида ишлатилган, деган гаплар бор. Демак қурол-яроғ ва бошқа аслаҳалар шу ерда сақланган, бугунгача қолган бўлиши ҳам мумкин. Яна бир ривоятга кўра, Амир Темур тириклиги вақтидаёқ бу ғор ҳақида турли миш-мишлар тарқалади ва соҳибқирон шахсан ўзи уни кўргани келади. Ғор ичига кириб не кўз билан кўрсинки, унда ўз чопарлари беркиниб ётган бўлади. Нега бу ердасиз, деган саволга улар “Навбатдаги жангда ғалаба қозониб, бизни Шаҳрисабзга хушхабарни етказиш учун юборган эдинг. Биз эса йўлда тўхтаб, оиламиз билан кўришдик ва кеч қолдик. Қаҳрингдан қўрқиб, шу ғорга беркиндик”, дея жавоб беришган экан.

Отахоннинг айтишича, ғор билан боғлиқ ривоятлар жуда кўп бўлган. Аммо уларнинг аксарияти авлодлар алмашинуви баробарида унут бўлиб бормоқда. У ғорнинг оғзи ҳам илгари гумбазсимон иморатга ўхшаш бўлганини айтди. Келиб-кетувчилар у ердаги тошларни олиб кетиши оқибатида шакли ўзгариб, ҳозирги кўримсиз ҳолатига келган. Ҳа, маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, айтишларича, бу ғорга илгари хазина изловчилар ҳам тез-тез келиб турган. Лекин у ердан бирор нима топилгани ёки ғорнинг охиригача борилгани ҳақида маълумот йўқ. Айримлар ғорнинг нариги томони Самарқанддаги Миронқул қишлоғидан чиқади дейди.

Гўзаллик ва хавф-хатар ёнма-ён

Ўнқир-чўнқир, тошли тор йўллар орқали Тарағай қишлоғига етиб келдик. У ёғига транспорт ўта олмайди. Тоққа кўтарилиш жойигача пиёда боришимизга тўғри келди. Бахтимизга шу куни унча кучли бўлмаган шамол эсаётган эди. Акс ҳолда тепаликка кўтарилиш иссиқ ҳаво сабабли янада мураккаб бўларкан.

Тепага қараб ҳаракатни бошладик. Пастдан қараганда, биз чиқмоқчи бўлган чўққи у қадар узоқ эмас эди. Бироқ кўтарилишимиз баробарида у ҳам биздан узоқлашаётгандек туюлди. Агар йўл бошловчи бўлмаса, ғорга бориш йўлини мустақил топиб бора олмас эканмиз. Йўловчиларни чағитувчи турли сўқмоқлар, айланма йўллар бўйлаб ҳаракат давомида буни тушиниб етдик. Бизга ҳамрохлик қилганларнинг айтишича, ғорни кўриш учун ҳам маҳаллий, ҳам хорижий сайёҳлар тез-тез келиб туради. Аммо уларнинг барчаси ҳам манзилга етиб бора олмайди. Кўпчилик ғорга йўлбошчисиз чиқа оламиз деб ўйлайди. Бошқалари тоққа кўтарилиш машаққатига тайёр эмас.

Вақт тиғиз, кеч тушгинча ғорга етиб боришимиз керак. Ҳаракатни тезлатамиз. Лекин ҳар 50-100 метр кўтарилгач тўхтаб, табиат гўзалликлари, шундоққина оёқларимиз остида ястаниб ётган кенгликларни томоша қилишдан ўзимизни тия олмаймиз. Шундай дамларда Амир Темур бобомиз ҳам шу ерларда туриб, ҳукмронлиги остидаги ерларга назар ташлагандир, шу вақти кўнглидан нималарни ўтказган экан деган ўй-хаёллар келади. Катта харсанг тошлар соясида дам олиш мароқли. Онда-сонда йўлимиздан ҳали меваси пишиб етилмаган дўлана дарахтлари, арчалар чиқади.

Асосий қийинчиликлар денгиз сатҳидан 1400 метр баландликка кўтарилганимиздан кейин бошланди. Шу ердан йўл янада қиялашди. Оёғингиз тойса, яхшилик билан тугамайди. Бундай жойлардан секинроқ, йўл бошловчиларнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ўтдик. Жарликлар тепасида туриш хавфли, аммо у ердан нигоҳингизга очиладиган табиат манзаларини тарифлаш қийин.

Соат 16:47 да чўққига етиб келдик. Бу ерда бизни яна бир синов кутиб турган экан. Гап шундаки, ғорнинг оғзи жарлик бўйида жойлашган. Унга кириш учун энди тепадан пастга, жарликка тушиш керак эди. Белга арқонни боғладик. Ваҳимали жараён. Аммо мақсадга эришишнинг бошқа йўли йўқ. Энг охирги нуқтада таслим бўлсак, экспедиция мувоффақиятсиз тугаган ҳисобланади.

Зимистонда, номаълумлик сари

Мустаҳкам тошларга тирмашиб, бир амаллаб пастга, ғор оғзига тушдик. Бу ерда нафас ростлаб, атрофни томоша қилиш, кейинги ҳаракатлар режасини тузиш учун етарлича жой бор эди.

Ғорнинг кириш қисми торроқ. Айтмоқчи бўлганимиз, жуссаси каттароқ одам унга кира олмайди. Умуман, бошқалар учун ҳам бу осон юмуш эмас. Амаллаб тор йўлакдан ўтдик. Шу ерда қуёш нурлари чекинади, ёруғлик кўрмаган янги бир олам бошланади. Биринчи босқичдан кейин йўлак анча кенгайди. У ерда қазилма ишлари олиб борилганлиги, кимлардир ростдан ҳам хазина қидирганлигидан далолат берувчи далил ва излар бор. Қанча чуқурроқ кириб борсангиз ғор ҳавоси шунча нам ва салқин бўлиб боради. Тепадан томаётган сув томчилари йиллар давомида тошларда антиқа нақш ва сумалакларни шакллантирган.

Ғорнинг яна бир тор қисмидан ўтганимиздан кейин йўлак иккига бўлинди. Йўл бошловчимиз ўнг томонга юришимиз кераклигини, чапдагисининг охири берк эканлигини айтди. Чапга юриб, яна бир киши зўрға зиғадиган йўлакка дуч келдик. Ундан ўтиб олсангиз, яна кенглик. Бу ерда кўршапалаклар кўп экан. Ғорнинг зимистони ва салқин ҳавоси шу каби мавжудодлар учун айни муддао.

Биз яна бир неча босқичли қийин ўтиладиган жойлардан ўтиб, 300 метрча ғор ичига киришга мувоффақ бўлдик. Аммо яна олдинга юриш учун қияликдан пастга тушиш керак эди. Ёнимизда арқонимиз қолмаганлиги, қолаверса, жамоа ҳам толиққанлиги учун шу ердан қайтишга қарор қилдик.

Маҳаллий аҳоли ҳам ҳали ғорнинг охиригача бормаган экан. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, унда қандай сир-синоатлар яширингани ҳамон жумбоқ...

Баъзи ривоятларга кўра, қадимда ёвдан чекинган бир нечта аскар ғорнинг у бошигача борган ва Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Миронқул қишлоғидан чиққан. Аммо ҳозирги замонда ҳеч ким ғорнинг охиригача бора олмаганлиги сабабли буни тасдиқлашнинг имкони йўқ. Фақат қизиқ бир факт бор: Миронқулда ҳам қарама-қарши томонга кетган, охири йўқ ғор бор дейишади. Бугунги кунда ҳар икки ғорга сайёҳлар бориб туради.

Дарҳақиқат, юртимиз ноёб масканларга бой ва уларнинг кўпи ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Бу эса уларнинг жозибадорлигини янада оширади.

Қашқадарёдан ана шундай ажойиб таассуротлар билан қайтарканмиз, бу каби саёҳатларни яна давом эттириш, диёримизнинг турли гўшаларига қизиқарли экспедициялар ташкил этишни ният қилдик.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Асқар БАРОТОВ.