Соғлиқни сақлаш вазири клиник ўлим ҳолатидаги болани қутқарган шифокорни мукофотлади

Ижтимоий тармоқларда тарқалган клиник ўлим ҳолатидаги бола оталаринголог-шифокор томонидан қутқариб қолингани тасвирланган видеолавҳанинг аҳоли томонидан эътироф этилиши фидойи шифокорларимиз меҳнатига берилган муносиб баҳо бўлди.

Мазкур жараёнда қаҳрамонлик кўрсатган 41 ёшли шифокор Сергей Владимирович Тобиас “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланиб, ушбу мукофот Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов томонидан топширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Вазир шифокорга мукофотни топширар экан, халқимиз саломатлигини асрашда тиббиёт ходимларининг ўрни ниҳоятда муҳимлигини эътироф этган ҳолда, бунда тажрибали ҳамда ўз вазифасига масъулиятли соҳа фидойиларининг хизмати катта эканини таъкидлади.

Ўз навбатида Сергей Тобиас сўнгги йилларда тиббиёт ривожига, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани сабабли соҳа янада ривожланиб, аҳолининг сифатли ва самарали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти кенгайиб бораётганини қайд этиб, бундан буён ҳам бор билим ва тажрибасини инсонлар саломатлигини асраш йўлида сафарбар этишини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган, пойтахтимиздаги хусусий шифохоналардан бирида фаолият юритиб келаётган Сергей Тобиас гарчи реаниматолог бўлмаса ҳам касб маҳоратини намойиш этиб, клиник ўлим ҳолатида олиб келинган 2 ёшли бола Умар Нуриллаевни қутқариб қолган. Шундан сўнг бемор 3-сон болалар клиник шифохонасига тез ёрдам машинасида, шифокор кўриги остида юборилган. Ушбу шифохонада барча даволаш муолажалари амалга оширилган.

– Фарзандимни қутқариб қолган шифокордан жудаям миннатдорман. Ота сифатида шифокорнинг бу фидойилигини ҳеч нарсага қиёслай олмайман. Бу ҳолат мен учун ҳақиқий қаҳрамонлик, – дейди 2 ёшли Умар Нуриллаевнинг отаси Дилшод Раззоқов. – Ушбу жараёнда битта шифокор тимсолида минглаб шифокорларимизнинг эзгуликка бой фаолиятининг масъулиятини, шарафини янада чуқурроқ ҳис этдим. Тиббиёт соҳасидаги жадал олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам бежиз эмас. Бунинг ортида минглаб инсонларнинг саломатлиги, қувончи мужассам экан. Аҳамиятли жиҳати, икки ёшлик болани ҳаётга қайтараётган воқеалар тасвирланган видео минглаб маротаба кўрилди ва улашилди. Юзлаб интернет фойдаланувчилари томонидан шифокорнинг профессионал ва инсоний саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирилди. Аслида кўп минг сонли шифокорларимиз фаолиятида бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Шу боис ҳам уларнинг ҳар бир иш куни қаҳрамонликдир.