Сўраган эдингиз...

“Ишдан бўшадим, аммо мен билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмади...”

— Шифокорман. Яқинда ўз аризамга биноан ишдан бўшадим, аммо иш берувчи фойдаланилмаган меҳнат таътилларим учун тўловларни охиригача тўлаб бермади. Бунга ҳақи борми?

Т.Муродов Нарпай тумани

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 172-моддасига асосан, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиниши керак ва ушбу ҳисоб-китоб ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни ҳам ўз ичига олади. Агар меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, улар ҳам.

Иш берувчи томонидан ходимга тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга оширилади.

Агарда ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ходим томонидан талаб қўйилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак. Меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейинги даврда бирор-бир тўловлар (ой, чорак, йил якунлари бўйича мукофотлар) ҳисобланган тақдирда, ушбу тўловлар ходим томонидан тегишли талаб қўйилганидан кейин уч кундан кечиктирмай амалга оширилади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ходимга тегишли бўлган суммаларнинг миқдори бўйича низо чиққан тақдирда, иш берувчи унга шак-шубҳасиз тегадиган суммани ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган муддатда тўлаши шарт.

Саволга Самарқанд шаҳар адлия бўлими Давлат хизматлари маркази ходими Ҳазрат МЕЙЛИҚУЛОВ жавоб берди.