«Спутник V» вакцинаси намуналари Ўзбекистонга етказилди

Коронавирусга қарши Россиянинг «Спутник V» вакцинаси намуналари Ўзбекистонга етказиб берилди, деб хабар берди РИА Новости.

"Россия Федерацияси савдо-саноат вазири Денис Мантуров «Спутник V» вакцинаси намуналарини шахсан Тошкентга етказди. Қимматбаҳо юк Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев томонидан қабул қилинди", дейилади хабарда.

Агентликнинг таъкидлашича, намуналар Ўзбекистонда вакцинани синовдан ўтказиб, рўйхатга олиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун олиб келинди. Вазирлик шунингдек, вакцинанинг аввалги партиялари Венгрияга лаборатория тадқиқотлари учун юборилганлиги, бундан ташқари, Сербияда қабул қилинганлигини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, Россия вакцинасини тезкор рўйхатдан ўтказиш ва квалификация қилишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) билан бир қаторда, бошқа йирик халқаро ташкилот ва институтлар, шунингдек, Европа тиббиёт агентлиги билан вакцинани Европа Иттифоқида муомалага чиқаришга рухсат олиш хусусида музокаралар олиб борилмоқда.