ССВ: 200 нафар битирувчи магистратура ва клиник ординатурада ўқиш учун хорижга юборилади

Ушбу имконият ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт мутахассисларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хорижда ўқитиш, малака ошириш (стажировка ўташ) ва қайта тайёрлаш, шунингдек, хорижий мутахассисларни республикага жалб қилишни ташкил этиш чоралари тўғрисида”ги буйруғида айтилади. Мазкур ҳужжат давлат раҳбарининг тегишли Фармони ҳамда қарорига асосан жорий йил 9 август куни қабул қилинди.

Унга кўра, мувофиқ ҳудудларда тор соҳадаги мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олий таълим муассасаларининг 200 нафар битирувчисини магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда марказларида ўқитиш, соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат тиббиёт муассасалари ходимларини хорижда малака ошириш (стажировка) ва қайта тайёрлаш ишлари ташкил этилади.

🔷 Шунингдек, уларнинг ўқитилиши, малака ошириши ва тажриба алмашишини республикада амалга ошириш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган.

📎 Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар йили 5 сентябрга қадар тиббиёт олий таълим муассасаларининг битирувчиларини клиник ординатура дастурлари асосида ўқитиш мақсадида етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва марказларининг рўйхатини шакллантиради.

📝 Бундан ташқари, хорижий илғор тиббиёт марказларига клиник ординатура дастурларига ўқишга қабул қилинган битирувчиларнинг ўқиш харажатларини қоплаб бериш учун зарурат асосида “Эл-юрт умиди” жамғармасига талабнома киритади.

💻 Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази томонидан 2025 йилдан бошлаб “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш бўйича аттестациядан ўтказиш ва уларга сертификат бериш” ахборот тизими таркибида хорижга магистратура, клиник ординатура, малака ошириш (стажировка ўташ), қайта тайёрлашга ўқишга бориш мақсадидаги номзодлар ҳужжатларини онлайн топшириш имконини берувчи бўлим яратилади ва амалиётга жорий этилади, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.