Суд остонасига қадам қўйган ҳар қандай шахс тегишли ахборотни олади(ми?)

Икки ёки ундан ортиқ тараф ўртасида низо келиб чиқмаса ҳеч ким судга мурожаат қилмайди. Судга мурожаат қилган шахс борки низо ўз фойдасига ҳал этилишини истайди. Табиийки, бу жараёнда тарафлар ўртасида ҳал этилмаган низоларни суд тартибида ҳал этишда у ёки бу шахснинг шахсий, тадбиркорлик, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда манфаатларига, шаъни ва қадр-қимматига дахл қилмаслик судья учун устувор вазифалар ҳисобланади.
Шунинг учун Олий суд суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи амалга оширилишини, шунингдек, судлар томонидан мазкур масалага оид қонун ҳужжатларини бир хилда қўлланилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 21 февралда “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида"ги пленум қарори қабул қилинди. Унда амалиётда дуч келинаётган айрим муаммоларнинг ечими ҳақида зарурий тушунтиришлар берилган.
Қарорга асосан суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида объектив ахборот бериш орқали жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражасини ошириш кўзда тутилган. Бу ўз навбатида одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолатларидан бири бўлган судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан ишончнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Яъни, судлар томонидан суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратиш лозимлиги белгилаб қўйилди.
Умуман, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ахборот ресурсларидан бемалол фойдалана олиш ҳуқуқи давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш баробарида коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.
Бундан англашиладики, судларда ахборот соҳаси, яъни ОАВга ахборот, интервью, маълумот, суд ҳужжатларидан нусха беришни тартибини ислоҳ қилиш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири саналади. Бу эса ўз навбатида, суд муҳокамасининг ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тартибини белгиловчи қонуности ҳужжат қабул қилинишини тақозо этади. Қабул қилинган ҳужжатда жамоатчилик назоратини таъминлаш, суд ҳокимияти ва жамоатчилик ўртасидаги узвий алоқани мустаҳкамлаш, бунда ОАВ ролини кучайтиришга оид норма ва қоидалар белгиланиши мақсадга мувофиқ. Албатта, яна бир муҳим ва асосий масала - суд ҳокимияти органининг ахборот хизмати фаолиятини фаоллаштиришга қаратилган ҳуқуқий механизмлар ҳам яратилиши зарур.
Ўйлайманки, бундай амалиёт жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб, суд органларининг қабул қилаётган қарорлари сифатини ошириш борасидаги масъулиятини кучайтиради.
Аслида суд ва ОАВ вакиллари яқин ҳамкорликда иш олиб бориб, ўқувчига холис ва тезкор ахборотни етказиб берса, турли салбий фикрлар юзага чиқишининг олди олинади.
Абдусаттор АБДУРАЗЗАҚОВ,
жиноят ишлари бўйича
Каттақўрғон шаҳар судининг раиси.