Суд-тергов фаолиятига қандай ўзгартишлар киритиш белгиланди? Нима учун?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда жойлардаги тергов ва суриштирув органларининг тергов жараёнида гумонланувчини қийноққа солиш, тазйиқ ўтказишлар оқибатида инсон ҳуқуқ ва эркинларига зид бўлган хатти-ҳаракатлар кенг жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган воқеалар кўп ёритилмоқда.
Шу боис, жорий йил 10 август куни Президентимиз томонидан имзоланган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ўз вақтида қабул қилинган ҳужжат бўлди.
Негаки, мазкур ҳужжатда асосан шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш белгиланди. Бу ўз навбатида амалиётда адолатга жисмоний куч ишлатиш билан эришиб бўлмаслиги яна бир исботлайди.
Аслида суд-тергов органларининг вазифаси ҳақиқатни юзага чиқаришдан иборат. Давлатимиз раҳбарининг фармонида, соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Хусусан, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланиладиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш белгиланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш кўзда тутилган.
Фармонга асосан шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек, бундай қилмишлар учун жавобгарлик кучайтирилади.
Шунингдек, жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш белгиланди.
Энг муҳими, жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш вазифаси белгилангани бўлди.
Мазкур вазифадан келиб чиқиб, шунингдек, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган тақдирда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши юзасидан ҳам қоидалар киритилган.
Бу эса судлар томонидан Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган муддатигача жазо тайинлашга асос бўлади.
Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги қатъий белгиланди.
Бундан ташқари, жиноят иши доирасида ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш тақиқланмоқда.
Фармон ижроси қонунчиликда жиноят иши юзасидан суриштирув-тергов ишларини олиб боришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.
Жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш борасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари давом этиши албатта жамиятда адолатни қарор топишига асос бўлади.
Баходир ҚАРШИЕВ,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти.