Тадбиркорга бекатда пиво савдоси учун рухсат берилмаган

Кеча, 13 июль куни Zarnews.uz телеграм каналида Самарқанд шаҳрининг Мирзо Бедил кўчасидаги "Суғдиёна истироҳат боғи" бекатида пиво дўкони ташкил этилгани ҳақида хабар тарқалди. Бу эса жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга ҳам сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат мутасаддилар томонидан тезда жойига бориб ўрганилди. Вазият бўйича шуни маълум қиламизки, ушбу бекат тадбиркорга тегишли бўлиб, у ерда пиво савдоси учун ҳеч қандай рухсат берилмаган. Тадбиркор ҳам айни пайтда бундай савдо тури билан шуғулланмаётганини маълум қилди. Бироқ хабарда акс этганидик, тадбиркорда пиво савдоси фаолиятини йўлга қўйиш режаси бўлган ва ҳозирча реклама қилиш ишларини олиб борган.

Аммо тадбиркорнинг бу режаси амалга ошмади. Унга бекатда бундай савдо турини ташкил қилмаслик тушунтирилиб, белгиланган тартибда огоҳлантириш берилди. Шунингдек, бекат пиво рекламаларидан тозаланди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.