Самарқандда “смарт автобекат”лар ўрнатиладими?

Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев самарқандлик ёшлар билан учрашди.

Тадбирда 150 нафарга яқин йигит-қиз иштирок этиб, уларнинг 30 дан зиёди ўз муаммо ва таклифларини ўртага ташлади.

- Бугунги учрашувда бир неча таклифлар билан агентлик директорига мурожаат қилдим, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Абдулазиз Суяров. – Аввало, ёшларни тадбиркорликка тайёрлаш, бунда замонавий услублардан фойдаланиб ўқитиш бўйича лойиҳаларни ташкил этиш, ўзим фаолият олиб бораётган USAIDнинг Бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида ёш тадбиркорларга кўмак кўрсатиш бўйича таклифларни билдирдим. Шунингдек, хорижда ўқиб қайтган ёш сифатида, яна бир таклиф, яъни "Жадидлар" ва "Уйғониш" каби китоб тўпламларини чет тилларига ўгириб, чоп эттириш лозимлигини айтдим.

Бундан бир йил аввалги ана шундай учрашувда ёш ижодкор Аббос Шодмонқулов томонидан "Уйғониш" номли китоб чоп этилиши бўйича моддий ёрдам сўралган эди. Бу мурожаат инобатга олиниб, самарқандлик иқтидорли ёшларнинг ижодий ишлари жамланган тўплам 500 нусхада чоп этилди. Бугунги учрашувда айнан шу китобнинг бир нусхаси Алишер Саъдуллаевга совға қилинди.

- Айни пайтда "Смарт ўриндиқ" лойиҳаси устида ишлаяпман, - дейди Самарқанд туманида яшовчи Бобур Астанов. – Бу ўриндиқлар қайта тикланувчи энергия манбаи билан ишлайди. Намуна сифатида Пайариқ туманига ўрнатганмиз. Худди шундай "Смарт автобекат"лар ҳам тайёрланяпти. Бугун учрашувда ушбу лойиҳанинг тақдимотини ўтказдим. Алишер Саъдуллаев бу ташаббусимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини айтди. Агар 200 миллион сўмлик грант маблағи ажратиладиган бўлса, бунинг эвазига айрим ҳудудларда "Смарт ўриндиқ" ва “Смарт автобекат”лар ўрнатишни режалаштирганмиз.

Учрашувда йўлланган ҳар бир мурожаат алоҳида эътиборга олиниб, ижроси ўз вақтида таъминланиши учун масъуллар бириктирилди.

Жўшқин Нарзуллаев,

Жасур Шомуродов (фото).