Бекатсиз «бекат»

Самарқанд шаҳрида йўловчилар ёзнинг жазирама иссиғида бекати йўқ «бекат»да автобус кутиб туришга мажбур бўляпти.
Шаҳар кўчаларида йўл ҳаракати иштирокчилари учун анча қулайликлар яратилди. Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида ер ости йўли бунёд этилди. Худди шундай шароитни Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари чорраҳаларида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда пиёдалар учун йўл остидан ўтиш имконияти пайдо бўлди.
Бу автотранспорт воситаларининг тиқилинчсиз ҳаракатланиши ва пиёдаларнинг хавфсиз юриши учун яхши шарт-шароит бўлди. Бундай қулайликлар автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари ва пиёдалар томонидан ҳар куни олқишланмоқда.
Аммо ушбу кесишманинг Мирзо Улуғбек кўчаси (шаҳар ИИБ биноси яқинида)ги автобекатда бекат қурилмаси йўқ. Бу ерда Темир йўл вокзали, «Дўстлик маҳалласи», «Сартепа», «Ҳазора», «Сулув шаҳарчаси» каби кўплаб бекатлардан шаҳарнинг турли аҳоли манзилларига қараб ҳаракатланувчи жамоат транспорти воситалари (М-1, М-4, 6, 66, 52, 27 каби йўналишлари бўйича) тўхтаб ўтади. Лекин йўловчилар ёзнинг жазирама иссиғида бекатсиз «бекат»да ўз транспорт воситаларини кутиб туришга мажбур бўлмоқдалар.
Самарқанд шаҳрининг қоқ марказидаги бундай ҳолатдан йўловчилар, ҳатто чет элдан келган меҳмонлар ҳам эътироз билдирганликларининг гувоҳи бўлганмиз.
Бу ерда яна бир муаммо бор. Мирзо Улуғбек кўчасининг бир тарафидан иккинчи тарафига ўтиш учун қурилган ерости йўли чиқиндилар ташлаб кетиладиган жойга айланган, ҳатто фуқаролар ҳожат чиқарадиган «манзил» бўлиб қолганга ўхшайди. Ортиқча қурилиш материаллари ҳам ташланади. Зиналар ва ер остидан ўтиш йўли ифлосланиб кетган. Электр ёритиш воситалари ишламайди.
Ўйлаймизки, Самарқанд шаҳар мутасаддилари ушбу муаммоларга эътибор қаратадилар.
Йўлдош Суюнов,
меҳнат фахрийси.