Автошоҳбекатлар аҳоли талабига жавоб берадими?
Бугунги кунда автошоҳбекатларнинг аҳволи қандай, йўловчиларга қандай шарт-шароит яратилган? Жамоат транспортининг шоҳбекатларга кириб чиқишда тирбандлик, чипта сотишда муаммолар бўлмаяптими? Умуман, аҳоли уларнинг хизматидан розими?
Икки йил илгари Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти ҳаракатини тартиб солиш, янги йўналишлар ташкил этиш, бекатлар қуриш билан бирга, шаҳар атрофи ва унга туташ ҳудудлардан кириб келаётган йўловчиларга қулай ва хавфсиз бўлган автошоҳбекатларни ташкил этишга қарор қилинган эди.
Бу борада қатор ишлар амалга оширилди ҳам. Жумладан, Чўпон ота этакларида Самарқанд халқаро шоҳбекати қурилиши давом этмоқда. Шу билан бирга шаҳар ичидаги Шоҳизинда, Сиёб ва Ҳазора автобошбекатларини шаҳар ташқарисига олиб чиқиб, тирбандликларни олдини олишга қарор қилинди. Бу борада вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимликларининг қарори чиққан бўлса-да бироқ ҳали ишлар бошлангани йўқ.
Хўш бугунги кунда автошоҳбекатларнинг аҳволи қандай, йўловчиларга қандай шарт-шароит яратилган? Жамоат транспортининг шоҳбекатларга кириб чиқишда тирбандлик, чипта сотишда муаммолар бўлмаяптими? Умуман, аҳоли уларнинг хизматидан розими?
Тан олиш керак, яқин ойларгача, Самарқанд шаҳридаги Каптархона маҳалласида жойлашган автошоҳбекат муаммолар гирдобида қолган эди. Бекат ҳудудини сотиб олган тадбиркор ундан бошқа мақсадларда фойдаланишга қарор қилгач, Ургут ва Тойлоқ туманларидан келувчи йўловчилар сарсон бўла бошлади. Чунки, янги раҳбарлар автошоҳбекатни ёпиб қўйишган эди. Ниҳоят уч ойдан сўнг Самарқанд шаҳар ҳокимлиги тадбиркор А.Ҳусаинов билан келишган ҳолда, вақтинчалик бўлса-да “Каптархона автошоҳбекати” МЧЖни тузиб яна қайтадан иш бошлади. Келишувга кўра, шаҳарнинг шу йўналишидан шоҳбекат учун бошқа ер ажратилиб, қурилиш ишлари олиб борилиши зарур эди. Бироқ бу ишлар тўхтаб қолган шекилли, автобуслар ҳамон Каптархонага келиб йўловчи олмоқда.
“Каптархона автошоҳбекати” МЧЖ вақтинчалик бўлса-да ишни ташкил этган. Бироқ бекатда маълумотхона йўқлиги сабабли масъул шахсларни топиб бўлмайди. 5-6 нафар чекчи ҳайдовчилардан пул териш билан овора. Автобуслар тўхтаб туриши учун мўлжалланган йўлакларни “Дамас”лар эгаллаб олган. Бекат ҳудуди ошхона, салқин ичимликлар билан савдо қилувчи дўконлар билан тўла, ҳар жойда чиқиндилар тўпланиб қолган.
- Мазкур шоҳбекат ҳудудини бошқа мақсадда фойдаланиш учун сотиб олган эдик, - дейди “Каптархона автошоҳбекати” МЧЖ бошлиғи ўринбосари Зариф Хўжамов. - Ўтган йили шаҳар ҳокимлиги билан келишган ҳолда жамоат транспорти учун янги шоҳбекат битгунча, шу ердан фойдаланиб туришга қарор қилдик. Чунки, Ургут ва Тойлоқ туманлари аҳолиси шу ердан қатнашга ўрганиб қолган. Шунинг учун йўловчилар ва автобуслар учун вақтинча шоҳбекатни ишлатиб турибмиз. Майдонга асфальт ётқизиб, алоҳида белгилар ўрнатдик. Автобуслар учун бетондан махсус йўлаклар қилдик. Шаҳар ҳокимлиги ва ЙҲҲБга бекат рўпарасида йўл белги ва кўрсаткичлари ўрнатиб беришларини сўраб, мурожат қилганмиз, бироқ ҳали амалга оширилмади.
Бундан бир неча йил илгари “Шоҳизинда” автошоҳбекатидан нафақат Жомбой, Самарқанд ва Булунғур туманларига, балки Жиззах вилоятига ҳам автобус ва таксилар қатнар эди. Йўловчилар учун дам олиш ва кутиш заллари бўларди. Навбатчи диспетчерлардан автобуслар қатнови тўғрисида маълумотларни олиш мумкин эди.
Бугун бу ерда аҳвол бутунлай ўзгариб кетган. Шоҳбекат машиналар қўядиган майдончага айланиб қолибди. Бирорта на автобус, на йўловчи кўринади. Ҳамма жойни улгуржи савдо қилувчи тадбиркорлар эгаллаб олган.
- Икки йилдан буён бу ердан автобус қатнамайди,- дейди шу ерда савдо қилувчи тадбиркорлардан бири. – Вилоят транспорт бошқармасига бориб ижара учун шартнома қилиб келганмиз. Солиқларини ўз вақтида тўлаяпмиз. Шоҳбекат маъмурияти қаерга кўчганини ҳам билмаймиз.
Булунғур ва Жомбой туманларига қатновчи йўловчилар эса асосан Сиёб бозорига ўтувчи катта кўприк остидаги бекатдан кетар экан. Нафақат йўналишсиз таксилар, балки автобус ҳайдовчилари ҳам Рудакий кўчасидаги қатновга халал қилган ҳолда бақириб-чиқириб одам олишади.
- Шоҳизинда автовокзалидаги шароит ёмон эмасди, ҳар ҳолда автобуслар навбат билан қатнар, йўловчилар ҳам кўп эди, - дейди Жомбойга қатновчи автобус ҳайдовчиларидан бири. – Айтишларича, йўловчилар у ерга бормасдан кўприк остига келаётганлиги сабабли бекат ёпилибди. Ҳақиқатан ҳам бу ерда одам кўп бўлади, аксари бозор қатновчилар. Бизга йўловчи кўп бўлса маъқул-да, кунлик тушумни ўз вақтида бажарамиз. Ҳозирда эски шоҳбекат ҳудуди ижарага бериб юборилибди.
Самарқанд шаҳридаги Ҳазора шоҳбекати кеча-кундуз гавжум бўлса-да, шароит яратилмаган. Кунига 40 га яқин автобуслар кириб чиқаётган автостанция ҳудуди қаровсиз аҳволда. Асфальтнинг айрим жойлари ўйдим-чуқур бўлиб қолган. Автобус йўлаклари ва ариқ ёқаларида чиқинди тўпланиб қолган. Бекат четидаги чиқиндихонанинг бадбўй ҳидига чидаб бўлмайди. Сал шамол кўтарилса, бас, нафас олиб бўлмайди. Шаҳар йўналишларидаги автобуслар ҳам тартибсиз ҳаракатланмоқда. Ҳайдовчилар белгиланган вақтига қарамасдан йўлга чиқишади. Натижада улар ўртасидаги баҳслар жанжалга ҳам айланиб кетади.
- Ҳар куни Паст Дарғом туманидан ишга қатнайман, - дейди Жума шаҳарчасида яшовчи Гулбаҳор Эрматова. – Ҳазора автостанцияси олдида тирбандликлардан ўтиб бўлмай қолади. Эрталаблари ишга кеч қоляпмиз. Кечқурун ҳам шундай бўлади. Нафақат киракаш машиналар, балки автобуслар ҳайдовчилари ҳам кўпроқ йўловчи олиш мақсадида йўлни ярмигача беркитиб қўяди. Камига нон сотувчилар транспорт ҳаракатига халал беради. Бу йўлни тартибга солишнинг иложи йўқ, шекилли.
Хўш, шаҳримиздаги бекатларнинг аҳволи талабга жавоб берадими? Тўғри, 2-3 йилдан буён шаҳримиз ташқарисидан янги шоҳбекатларни қуриш ҳақидаги гап-сўзлар юрибди. Лекин, бу ҳозирча фақат гаплигича қолмоқда, амалий ишларга ўтилгани йўқ.
- Шу пайтгача шаҳримиздаги автошоҳбекатларнинг айримлари номигагина ишлаб келаётган эди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бош мутахассиси Отабек Раҳимов. – Уларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигига асосий сабаб Самарқанд шаҳар бош режасига киритилган ўзгаришлар бўлса керак. Чунки Чўпонотадаги халқаро автовокзал ишга тушса, Шоҳизинда бекати ва Каптархонадаги бекатлар ҳудуди тадбиркорларга берилади. Самарқанд туманидаги Чумчуқли қишлоғи, Қарши айланма йўли ҳамда Мотридда янги автобошбекатлар учун ажратилган ер майдонлари аукцион ўтказиш учун тайёрланмоқда. Ҳазирча барча автобошбекатлар жамоат транспортини қабул қилиб, аҳолига савияли хизмат кўрсатишлари лозим.
P/S. Мақола чоп этилишидан аввал Самарқанд шаҳар ва вилоят транспорт бошқармаси мутахассислари томонидан автошоҳбекатларнинг аҳволи ўрганиб чиқилди. Айни вақтда Самарқанд автовокзали, Шоҳизинда, Хазора ва Каптархона автошоҳбекатларида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Шоҳизинда автовокзали яна ўз фаолиятини бошлади. Автошоҳбекат маъмурияти биносини эгаллаб олган савдо дўконлари бошқа ҳудудга кўчирилди. Автобус йўлаклари бетон тўсиқлар билан ажратилиб, йўловчилар учун кутиш зали, навбатчи диспетчерлик қисми, она-бола, тиббиёт ва дам олиш хоналари ажратилиб жиҳозланмоқда. Хазорада ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Битта автобус йўлаги асфальт қилинди. Ҳожатхона ва диспетчерлар хонаси таъмирланмоқда. Чиқиндихона тозаланди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.