Тадбиркорларга 14 фоиз ставкада, 5 йилгача муддатга - 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 5 миллиард сўмгача кредит ажратилади
Президентнинг "Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра:
- тижорат банкларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 300 миллион доллар эквивалентида кредит линияси ажратилади;
- кредит линияси тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоиз ставкада миллий валютада ажратилади;
- тижорат банклари томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш (бундан қурилиш, савдо, воситачилик соҳасидаги лойиҳалар, шунингдек, акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар ҳамда айланма маблағларни тўлдириш ҳолатлари мустасно) учун йиллик 14 фоиз ставкада, 5 йилгача муддатга, шу жумладан 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 5 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади;
- тадбиркорлик субъектларининг фаолият даври 6 ойгача бўлганда 1 миллиард сўмгача, 6 ойдан 1 йилгача бўлганда 2 миллиард сўмгача, 1 йилдан 2 йилгача бўлганда 3 миллиард сўмгача, 2 йилдан 3 йилгача бўлганда 4 миллиард сўмгача ва 3 йилдан ошганда 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади;
- кредит линияси маблағларининг камида 70 фоизи Нукус шаҳридан, вилоятларнинг маъмурий марказларидан ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади.
Бунда, кредит линияси маблағларидан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга кредит ажратилмайди.