10 ойда 510 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилган
Вилоятимиздаги тижорат банкларининг 90 мингдан ортиқ юридик шахс бўлган мижозларига масофадан туриб, банк операцияларини бажариш имконини берувчи “интернет-банкинг” ҳамда “мобил-банкинг” дастурлари ўрнатиб берилган. Бу банк ва мижоз ўртасида коррупцион ҳолатларнинг олдини олади.
Яна Марказий банк тавсиялари асосида банк тизимида аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган банк хизматларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти.
Жорий йилда бош бошқармада коррупцияга қарши курашишга оид қилинган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Маъруф Ғаниевнинг айтишича, ҳозирда вилоятда 23 та молия муассасаси бор ва уларнинг 9 таси давлат банклар ҳисобланади.
- Банклар томонидан мижозларга хизмат кўрсатишда инсон омилини камайтириш, вақт сарфи, оворагарчилик ва қоғозбозликни чеклаш мақсадида рақамли идентификациялаш, автоматлаштирилган скоринг, кредит конвери, андеррайтерлар гуруҳи каби тизимлар ҳамда модулли кредит маҳсулотлари жорий қилинган, - дейди М.Ғаниев. - Қарз олувчиларнинг скорингини янада такомиллаштириш мақсадида банк ахбороти тизимлари бошқа давлат муассасалари маълумотлар базаси билан интеграцияси таъминланмоқда.
Хусусан, аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлардан фойдаланиш учун инсон омили қатнашмаган ҳолда www.oilakredit.uz портали орқали кредитлар олиш имконияти яратилди.
Юқорида амалга оширилаётган амалий ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиздаги тижорат банклари томонидан тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга 510 миллиард 500 миллион сўм миқдорида имтиёзли банк кредити ажратилди.
Бундан ташқари, янги ўқув йилидан (2024-2025 ўқув йили) бошлаб, олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиётган 2387 нафар талабага 36 миллиард 640 миллион сўм миқдорида ажратилган таълим кредитлари ҳам “таълим.кредит.уз” платформаси орқали инсон омилисиз ажратилган.
Ушбу чора-тадбирлардан кўзланган мақсад банк хизматини кўрсатишда инсон омилини камайтириш орқали мижозларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, коррупциянинг ҳар қандай омилини чеклаш ҳисобланади.
Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.