Таҳририятлар иқтисодий аҳволини реклама орқали яхшилаши керак
Бу гап Самарқанд шаҳрида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг ахборот очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида айтилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев иштирок этиб, ахборот очиқлиги сиёсатини амалга оширишда мухбирлар, давлат ҳокимияти, корхона ва ташкилотлари, олий ўқув юртларида фаолият кўрсатиб келаётган ахборот хизмати вакиллари бевосита масъул эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ахборот алмашинувида қонунчилик талаблари асосида иш юритиш зарурлиги айтилди.
Бу борада кейинги пайтда қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар, янги қабул қилинаётган қарорлар ва қонуности хужжатларни ишлаб чиқишда маҳаллий профессионал ёзувчи ва журналист мутахассисларнинг таклифлари, чет эл тажрибаси инобатга олиниб келинаётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, тадбирда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев вилоятда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
- Газета, телевидение ёки расмий сайт рекламани ривожлантириш орқали таҳририятдаги шарт-шароити, иқтисодий аҳволини яхшилаб олади, - деди И.Абдуллаев. – Афсуски, бу борада босма ва интернет нашрлари, ТВ масъулларининг фаоллиги етишмаяпти. Аслида таҳририятни боқадиган йўналиш шу. Албатта, бунинг учун профессионал кадрлар ишлаши, реклама тўғрисидаги қонун талабларига амал қилиш керак. Таҳлилий, керак бўлса, танқидий материаллар қанчалик кўп бериб борилса, унинг ўқувчи ва кузатувчилари ошиб бораверади. Адади ошган газета, ТВ ёки сайт ўз устида янада кўп ишлайди, хориж тажрибасини ўзлаштиради.
Учрашув давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими қошида ташкил этилган “Маҳорат маркази” фаолиятини йўлга қўйиш ва жонлантириш, тажрибали мутахассисларни жалб этган ҳолда хабарлар тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида 50 миллион сўм ажратилиши режалаштирилди.
Йиғилганлар билан келгусида бу каби учрашувларни ўтказиб бориш ҳамда таклиф ва муносабатларни юборишга келишиб олинди.
Ҳусан Элтоев.