ОАВ вакиллари суд жараёнларида иштирок этишга тайёрми?

Умумий қоидага кўра, барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Маъмурий суд ишларини юритишда давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади.

Аслида судда иш кўришнинг ошкоралиги инсонларнинг мазкур ҳокимиятга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Ошкора кўрилган ишларнинг оммавий ахборот воситалари орқали ёритилиши эса жамият томонидан суд фаолиятининг халқ назоратига олинишини таъминлайди ва тарбиявий аҳамиятга эга. Ўз навбатида суд қарорларининг асосли ва қонуний қабул қилинишини кафолатлайди.

Албатта, юртимизда кейинги уч йил давомида судлар фаолиятида ошкораликни таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди.

Биринчидан, ҳар бир судья томонидан кўриладиган ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида кўриш тизими жорий этилди.

Иккинчидан, жамоатчиликни судлар фаолияти тўғрисида хабардор этиш мақсадида вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раислари ҳар чоракда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиниши ҳолати юзасидан тегишли давлат вакиллик органига ахборот тақдим этишлари зарур.

Учинчидан, ойида камида бир марта судьяларнинг жойларда аҳоли билан учрашувларини ташкил этишлари лозимлиги белгиланди.

Бундан ташқари, судлар ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, фаолиятини жамоатчиликка таништириш мақсадида ҳар чоракда брифинглар ўтказиш амалиёти жорий қилинди. Судлар фаолиятига доир ахборотларни интернет тармоғида жойлаштирилиши ва суд жараёнларининг онлайн трансляция қилиниши тизимда шаффофлик ва очиқликни таъминлашда муҳим қадам ва янгилик бўлди.

Албатта, суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан ҳам таъминланади.

Бироқ оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларга кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.

Аммо оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар томонидан ҳали-ҳамон амалдаги қонунлар ва тартибларга риоя қилинмай судлар мустақиллигига дахл қилувчи, судга нисбатан босим ўтказишга қаратилган ҳаракатлар учраб турибди.

Оммавий ахборот воситаларининг суд мажлисларида иштироки масалалари барча мамлакатлар, мисол учун Россия Федерациясида ҳам олимлар томонидан мунозараларга сабаб бўлган. Илм аҳли оммавий ахборот воситаларининг судларда иштироки ошкоралик принципини таъминловчи асосий жиҳат эканлигини таъкидлаш билан бирга, уларнинг иш юзасидан судга ёки ишда иштирок эътувчи шахсларга нисбатан қандайдир босим вужудга келтириши мумкинлигини инкор этишмайди.

Бундан ташқари, суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, аудиоёзув олиб боришлари мумкин. Қайд этишни амалга ошираётган шахслар ҳаракати суд мажлиси тартибига халақит бермаслиги лозим.

Ишда иштирок этаётган ва унинг боришини қайд этиш ҳуқуқидан фойдаланаётган шахслар томонидан бу ҳуқуқнинг суиистеъмол қилиниши суд мажлиси тартибини бузиш ҳисобланади. Бундай ҳолда суд айбдор шахсларга нисбатан процессуал қонунда назарда тутилган таъсир чораларини қўллашга ҳақли.

Суд мажлисида қатнашиш учун келган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд биносига кириши суднинг ички фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар билан ўрнатилган қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда таъминланиши лозим. Шу муносабат билан судлар ушбу ҳужжатлар билан суд биносига кириш жойида танишиш имкониятини таъминлашлари зарур.

Учқун Самандаров,

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчиси.