“Тараққиёт стратегияси” маркази фуқароларни давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол бўлишга чақирди

Йил бошида Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми ўлароқ, «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент Фармони эълон қилинган эди.

Ҳужжатда инсон қадрини ошириш, ҳамма нарса инсон учун эканлигини англаш ҳамда жамиятда инсон қадрини биринчи ўринга олиб чиқиш ғоялари илгари сурилган. Шунингдек, давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотини узлуксиз ва самарали давом эттириш, шаффофлик, очиқ-ошкораликни таъминлаш Тараққиёт стратегиясининг асосий мақсадлари сирасига киради.

Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастуриларининг жойлардаги ижроси натижаларини кенг аҳоли қатламига етказиб бориш ҳамда унинг жойлардаги ижросида бевосита аҳолининг иштирокини таъминлаш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «Инсон қадри» онлайн портали ишлаб чиқилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда фуқароларнинг таклифлари, талаб ва истакларига таянилиши сабабли уларни фаол бўлишга чорламоқда.

“Сиз, азиз халқимиздан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2023 йилда амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиб, таклифларингизни davlatdasturi.uz портали ҳамда Марказнинг strategy.uz веб-сайти ва @dscuzbekistan телеграмм канали орқали юборишингизни сўрайди.

Азиз ватандошлар! Ўз ҳудудингиз, жамиятимиз ва Давлатимиз равнақи учун таклифларингиз билан фаол иштирок этинг”, дейилади “Тараққиёт стратегияси” марказининг мурожаатида.