Тахмина Икромова: "Олимпиада чемпиони бўламан!"

Тахмина Икромова 2004 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. 14 йилдан буён бадиий гимнастика билан шуғулланиб келади. Фаолияти давомида Ўзбекистон, Осиё чемпиони, жаҳон кубоги, халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори бўлган.

- Шифокорлар оиласидан бўлганимиз учунми, ёшлигимдан бадиий гимнастикага қизиққаним қизимиз спортчи бўлишини истаганмиз, - дейди Тахминанинг онаси Мадина Икромова. – Отаси доим қизим чемпион бўлиб, олтин медални қўлга киритади, дердилар. Афсуски, бевақт ўлим сабаб буни кўриш оиламиз бошлиғига насиб этмади. Аммо Тахмина отасига берган ваъдасини бажаряпти – жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтариб, ишончимизни оқлаяпти. 

- Спортга кириб келишимда ота-онамнинг ҳиссаси катта, - дейди Тахмина. – 4 ёшимда улар бадиий гимнастикага бергандан кейин устозим Елена Асланова қўл остида машғулотларга киришдим. Беш ёшимда илк марта мактабда ўтказилган мусобақада биринчи ўринни қўлга киритдим. Кейин бирин-кетин  катта мусобақаларда ҳам иштирок этиб, яхши кўрсаткичларга эришдим. 2015 йилда терма жамоага қабул қилинишим мен учун имконият эшикларини очди.  

Ўзбекистон, Осиё ва халқаро турнирларда совриндор бўлдим. 2022 йил апрель ойида пойтахтимизда ўтказилган жаҳон кубогида 3 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлдим. Ислом бирдамлиги ўйинлари бадиий гимнастика баҳсларининг яккалик (обруч) йўналишида олтин медални, лента, копток, булова ҳамда жамоавий яккалик баҳсларида кумуш медални қўлга киритдим. Албатта, бу ютуқларга эришишимда терма жамоадаги устозим Лилия Власованинг меҳнатлари катта. У киши билан биргаликда Тошкентда  5 йилдан буён тайёргарлик олиб боряпмиз. Мусобақаларда осон бўлмаяпти, лекин мақсад битта - ғалаба қозониш ва юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш. Ҳозир ҳам Парижда ўтказиладиган мусобақаларга тайёргарлик кўряпмиз. Насиб этса, ушбу нуфузли мусобақада ҳам олтин медални қўлга киритаман. 

Тахмина ўтган йил Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган жаҳон кубогида 2 та бронза медалига сазовор бўлди. Ўзбекистонда 2023 йилнинг энг яхши аёл спортчиси деб топилди. Шунингдек, яккалик ва жуфтлик йўналишларида Осиё ўйинлари ғолиби, ўзбекистонлик спортчилар орасида биринчи бўлиб “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди ва бир қанча жаҳон кубоги босқичларида совриндор бўлди. Яқинда Францияда ўтказилган бадиий гимнастика бўйича гран-при мусобақасида олтин медалга эга чиқди.

Фазлиддин Рўзибоев.