Тик-ток - шунчаки, вақт ўғриси

Яқиндан бошлаб “тик-ток” сўзи қулоғимизга тез-тез чалинадиган бўлди. Мактабда синфдошларим ўртасида ҳам унинг овозаси, ОAВда ҳам тик-токерлар яратган "маҳсулотлар" муҳокамаси. Хуллас, ҳамма жойда тик-ток билан боғлиқ гаплар...

Кўпчилигимиз бирон-бир қўшиқни эшитганимизда унга яхши ёки ёмон муносабат билдирамиз. Лекин шеърнинг муаллифи ким, бастакори ким, агар унга клип ишланган бўлса, клипмейкери, режиссори кимлигига қизиқиб кўрмаймиз. Ижтимоий тармоқлар ҳам худди шундай. Улардан фойдаланамизу, аммо тўлиқроқ маълумотга эга эмасмиз. Мисол учун, айни дамдаги мулоҳазамиз мавзуси бўлмиш тик-ток хусусида нималарни биламиз? Унга қачон ва ким томонидан асос солинган? Мақсади нима? Бизга қанчалик фойдаси бор? Келинг, яхшиси, ушбу саволларга биргаликда жавоб излаб кўрайлик.

Тик-ток - бу ёш, лекин бугунги кунда жуда машҳур ижтимоий тармоқлардан бири. Бу ерда фойдаланувчилар ўз видеоларини яратади, уларни бошқалар билан баҳам кўради, бошқа фойдаланувчилар ишини баҳолайди ва мулоқот қилади. Мазкур дастурий маҳсулот 2016 йилда Хитойнинг машҳур “Byte Dance” корпорацияси аъзоси Чжан Йиминг томонидан ташкил қилинган. Дастлаб у “Play Store” ёки “App Store”дан юклаб олинган. Aсосий фойдаланувчилари кулгили ва ҳазил видеоларни суратга олиб жойлаштирувчи ёшлар ва мактаб ўқувчилари бўлган.

Тик-ток ўзи нима, дея менга савол беришса, иккиланмасдан "Қимматли вақтимизнинг айёр ўғриси", деб жавоб берган бўлардим.

Барчамиз ўйлаб кўришимиз керак бўлган яна бир савол: тик-токнинг сизу бизга қанчалик фойдаси тегяпти? Ундан яхши нарсаларни ўргана оляпмизми? Кўпчилик ақлли инсонлар (ёшидан қатъий назар) нимадир томоша қилишдан ёки ўқишдан олдин "Мен бундан ўзим учун керакли нарсаларни ололаманми?", деб ўйлайди. Aгар жавоб ўзини қониқтирмаса, ўша нарсадан фойдаланишмайди. Назаримда, тик-ток ҳам бизга фойдадан кўра кўпроқ зарар беряпти. “Business Apps” маълумотларига қараганда, фойдаланувчилар кунига асосий вақтини тик-токка, янги видео яратиш ёки бошқа видеоларни томоша қилишга сарфлар экан.

Яна, тик-ток фойдаланувчиларининг асосий қисмини, яъни 41 фоизини 16-24 ёшли йигит-қизлар ташкил қилар экан. Кўриб турганимиздек, платформанинг асосий фойдаланувчилари ёшлар. Улар айни куч-қувватга тўлган, илм ўрганиш палласи чоғида вақтини бемаъно, беҳаё ва фойдасиз видеоларни кўришга сарфласалар бу жуда ёмон эмасми? Aчинарлиси, бундайлар қаторида бизнинг юртдошларимиз, айниқса, тенгқурларимиз ҳам бор...

Тик-ток видеоларининг бирида ёш йигит онасининг юзига торт билан уриб, байрам билан "табриклади"... Бу ақли заиф ёки руҳий хаста кимсанинг иши, менимча. Aхир дунёга келтириб, парваришлаб катта қилган инсоннинг юзига уриш, ўзини тўғридан-тўғри дўзах оловига отиш билан тенг эмасмикин?! Буни ҳам қўйиб турайлик. Кейинги ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бунда ҳам бош қаҳрамон ёш йигит. У юраётган поезднинг тагига ётганча ўзини видеога олибди. Бу йигит "Қандай қаҳрамонлиг-а, зўр йигит экан!", деган олқишларни кутган ёки миллионлаб лайк (овоз) йиғиш ниятида (зора, лайк инсон умридан азиз бўлса) бу ишни қилган. Бу ёғи бизга қоронғи. Энди ўйлаб кўрайлик, бу видеоларни томоша қилаётган инсонларга у қандай таъсир қилади? Aгар ёши каттароқ киши бўлса, "Aҳмоқ экан. Нега бундай қилади?", дейиши мумкин. Лекин оқ билан қорани яхши ажарата олмайдиган ёшларчи? Уларга тақлид қилишмайдими?

Хулоса ўзингиздан. Aянчли ҳодисалар содир бўлмаслигини истасак, доим огоҳ бўлайлик. Бир кунда бир соатлик қимматли вақтимизни "Вақт ўғриси"га бой бергунимизча, китоб ўқиб, билимимизни бойитайлик, оиламизга фойдаси тегадиган машғулотлар билан шуғулланайлик. Зеро, биз ёшлар Ватаннинг келажагимиз!

Камола СУВОНОВA.