Тонировка нархини камайтириш масалалари кўриб чиқилмоқда
Тонировка нархини камайтириш юзасидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.
"Ёз келиб, кунлар исиши билан тонировка масаласи кун тартибига чиқади. Жойларда фуқаролар, ёшлар билан учрашувларда, ижтимоий тармоқларда айнан тонировка бўйича жуда кўплаб мурожаатлар бўлади.
Шу мурожаатлардан келиб чиқиб, ҳамкасбим Баҳром Раҳмоналиев билан тонировка нархини пасайтириш юзасидан 2-3 хил таклиф тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритишдан аввал Ички ишлар вазирлигига таклифларимизга муносабат билдиришларини сўраб, депутатлик сўрови юборгандик.
Бугун Ички ишлар вазирлигидан сўровимизга жавоб келди. Ёмон томони, ҳар доимгидек сўровга аниқ жавоб йўқ, таклифларимизга ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.
Яхши томони, жавобда айтилишича, тонировка нархини камайтириш юзасидан Президент Aдминстрацияси томонидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва бу лойиҳага Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли таклифлар билдирилган.
Демак, яқин орада тонировка масаласи бўйича ижобий ўзгариш бўлади. Aвтомобиль ойналарини қорайтиришга доир чекловлар буткул бекор қилинишини кутмасам-да, лекин тонировка учун белгиланган нархлар сезиларли миқдорда пасаяди, деб умид қиламан", деб ёзган депутат.