Тошкентда 15 киши овқатдан заҳарланди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Тошкентда 15 киши овқатдан заҳарланган.
Хабарга кўра, 4 июнь куни соат 17. 00 дан 6 июнь соат 12.00 га қадар турли шифохоналарга 15 бемор кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган.
"Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, "Овқат токсикоинфекцияси" бирламчи ташҳиси билан шифохонага ётқизилган. Беморлардан 3 нафарининг аҳволи оғир, қолганлариники ўртача оғирликда", - дейилган хабарда.
Мазкур ҳолат бўйича ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширув натижасида қуйидагилар аниқланди:
Беморларнинг 11 нафари касалликларини Сергели тумани, Янги Қўйлиқ кўчаси, 7-б уйда жойлашган, 4 нафари Сергели тумани Сергели-8 мавзесида жойлашган «Оқтепа лаваш» умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични истеъмол қилганликлари билан боғлашмоқда.
«GRAND AZIA PLUS» МЧЖга қарашли «Оқтепа лаваш» умумий овқатланиш шохобчасида қисқа муддатли текширув ўтказиш учун Ўзбекистон Републикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили номига Тошкент шаҳар ДСЭНМ томонидан 2019 йил 6 июндаги 07-11/4388-сонли маълумотнома кўриб чиқиш ва хулоса олиш учун берилди.