Тошкентда халқаро террористик ташкилотлар тарафдорлари ва аъзолари қўлга олинди

2020 йилнинг 19 февраль куни Тошкент шаҳри ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” (ТЖК) халқаро террористик ташкилотига алоқадор бўлган бир гуруҳ тарафдорлари ва аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда халқаро террористик ташкилоти ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.Шодибековнинг ғоявий таъсирига тушиб, унинг жиноий фаолиятига яқиндан кўмак бериш мақсадида моддий томондан ёрдам кўрсатиб, ТЖК таркибига бориб кўшилишни режалаштириб келганлар.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1552-моддаси 1-қисмига (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахслар қўлга олинди.

Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси фуқаролар, айниқса, ёшларни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўрайди.