Тўйда “Меню” асосида меҳмонлар хоҳишига қараб таом берилса...

Ушбу каналда эълон қилинган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сайёра Жумаеванинг «Тўй саноати»ни ривожлантириб, фонограмма учун пул сарфлашни тўхтатайлик!” мақоласини ўқиб, айрим фикрларимни билдиришни лозим топдим.
Мақолада ёзилганидек, бугунги кунда кўпчилик тўйни намойиш майдонига айлантириб қўйди. Овқатлар ва бошқа неъматлар тоғдек, безаклар ёрқин ва дабдабали, энг машҳур ҳофизлару сухандонлар хизматда.
Тўйга келган ҳар киши ҳайрат излайди, аммо чинакам қувонч кўпинча йўқолади. Меҳмонлар тўйни уч кун мақташи ёки танқид қилиши мумкин, аммо қарзлар ва надоматлар — уч йил, ўн йил оғриқ бўлиб қолади.
Пушаймонлик кейин келади, аммо вақтни орқага қайтариб бўлмайди. Шунинг учун биз тўй қилишдан аввал танлашимиз керак: қисқа вақтлик шон-шарафми ёки умрбод қалбда ёниб турадиган самимийликми?
Ҳақиқий тўй — кўз-кўз учун эмас, қалб учун бўлади.
Ҳар бир таом — онгли танлансин, ҳар бир луқма — меҳнат ва неъматга бўлган ҳурматни акс эттирсин.
Шундай бўлишига эришиш мумкинми? Ҳа, мумкин!
Бунинг учун қуйидаги таклифларим билан ўртоқлашмоқчиман:
- меҳмонларга таклифнома билан бирга QR-код орқали меню юборилади;
- меҳмонлар олдиндан ўз танловини белгилайди;
- фақат меҳмонлар танлаган ва севган таомлар тайёрланади.
Натижада:
• қарзсиз ва неъматларни исроф қилиб, гуноҳ қилишдан сақланилади.
• меҳнат ва вақтга чуқур ҳурмат.
• тавозелик — руҳнинг беқиёс қудрати.
• қалбларда сўнмас илиқ хотиралар.
Ҳақиқий тўй бойлик, қудрат ва имкониятлар намойиши эмас. Ҳақиқий тўй ҳаётга, муҳаббатга, ота-онага, қавму қариндошлар ва дўстларга чуқур ҳурмат ва миннатдорлик.
Тўй — дастурхон байрами эмас, тўй — юрак ва самимийлик байрами.
Азиз ўқувчим, сиз тўй ўтказиш учун таклиф қилинган ушбу усулга қандай қарайсиз? Розимисиз? Фикрингизни билдиринг!
P/S: Бу усулни кенг жорий этиш ва одат сифатида шакллантириш учун, давлат даражасидаги қарор ҳам керакдек туюлади. Шунда бу ташаббуснинг фазилати янада юксалар эди.
Муқимжон Орифий.