Тойлоқда чорвачилик ривожига қаратилган лойиҳалар қандай амалга ошириляпти?
Бу саволга ушбу туманда чорвачилик йўналишида амалга оширилаётган лойиҳаларга бағишлаб ўтказилган пресс-турда жавоб изланди.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари "Сиёб – Шавкат – Орзу", "Акмал Тошпўлатович", "Машҳура-Собира Голд" қорамолчилик фермер хўжаликлари ҳамда "Орзу-Олим-Дилмурод" асаларичилик фермер хўжаликлари фаолияти билан танишди.
Туманимизда қорамолчиликка ихтисослашган 19 та фермер хўжаликларида жами 4675 бош қорамол мавжуд, - дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Рустам Ҳайдаров. – Мавжуд хўжаликларнинг 15 таси сут йўналишига, 4 таси гўшт йўналишига ихтисослашган.
Шунингдек, туманда учта паррандачилик фабрикаси, учта асаларичилик хўжалиги, 8 та балиқчилик хўжаликлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида фермер хўжаликлари томонидан 4250 тонна гўшт, 2800 тонна сут, 5 миллион дона тухум етиштирилди. Йил якунига қадар фермер хўжаликлари томонидан 26300 тонна гўшт, 12400 тонна сут, 20 миллион 200 дона тухум, 42 тонна балиқ, 20 тонна асал етиштириш режалаштирилган. Жорий йилда туманда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида учта қорамолчилик, 2 та паррандачилик, 1 та асаларичилик, 1 та балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бугунги кунгача қорамолчилик бўйича 2 та лойиҳа, паррандачилик бўйича 2 та лойиҳа амалга оширилди.
Пресс-тур иштирокчилари амалга оширилаётган лойиҳалар билан бевосита танишиб, лойиҳа ташаббускорларидан ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил маълумот олди.