Тойлоқда йил охиригача йирик логистика маркази ишга тушиши кутилмоқда

Ҳукумат қарори билан 2022 йилда Тойлоқ, 2023 йилда Жомбой ҳамда 2025 йилда Нарпай туманида замонавий транспорт-логистика марказларини ташкил этиш белгиланган.

Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Инатулла Ҳамроев халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш тўртинчи сессиясида маълум қилди.

Айни вақтда Тойлоқ тумани Ворсин маҳалласи ҳудудида 3 гектар ер майдони ажратилиб, тадбиркор “Бро Беанс” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 800 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ва инвестиция маблағлари ҳисобидан қурилаётган янги логистика маркази жорий йил якунида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Мазкур марказ Тойлоқ туманидан ташқари, Самарқанд шаҳри, Жомбой, Самарқанд, Булунғур, Ургут туманларидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналарга хизмат кўрсатади.