«Trасker» автомашинасини олиб қочган аёлларга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 19 сентябрь, шанба куни «Trаcker» автомашинасини олиб қочган аёлларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, М.В. ва Д.Т. келишиб, Алишер Навоий мавзеси 62-сонли кўп қаватли уй олдидан фуқаро М.А.га тегишли «Trаcker» автомашинасини олиб қочиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган тадбирлар давомида Қўқон шаҳар Алишер Навоий мавзеси, 90-кўп қаватли уйлар ёнида автомашина соз ҳолда топилган, давлат рақамлари эса автомашина юкхонасида бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми “б” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, М.В.га нисбатан суд томонидан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.