Олиб қочилган автомашинада сайр қилмоқчи бўлган 21 ёшли йигит ЙТҲга учради
Номаълум шахс транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида, Тошкент шаҳар Олмазор тумани Зарқайнар кўчасида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи ёнида қаровсиз қолдирилганидан фойдаланиб, 27 ёшли Б.М. бошқариб келаётган ва 34 ёшли турмуш ўртоғи Д.М.га тегишли бўлган қора рангли “SPARK” русумли автоуловнинг салонига ғайриқонуний равишда кириб, ўт олдириш тизимида турган калит билан автоуловни олиб қочган ва ҳодиса жойидан яширинган.
Шундан сўнг номаълум шахс автомашинани бошқариб бораётиб, Юнусобод туманида «NEXIA» русумли автомашина билан тўқнашиб ЙТҲ содир қилган. «NEXIA» автомашинаси ҳайдовчиси билан “келишиб олиш” мақсадида уни кейинроқ учрашиб зарарни қоплаб беришга ишонтириб, автомашина “бардачогида” бўлган ҳамда транспорт воситасининг эгасига тегишли автоуловнинг техник паспортини бериб юборган. ИИО ходимларидан яшириниш ниятида автомашинанинг давлат рақамларини ечиб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Бироқ ички ишлар органлари ходимларининг тезкор ҳаракатлари ва ЙТҲ содир бўлган камераларда қайд қилинган видеоёзувлар ёрдамида ушбу фуқаро 21 ёшли, муқаддам судланган М.А.лиги аниқланган.
Қоидабузар фуқарони ушлаш чоралари кўрилганда М.А. олиб қочилган автомашинани ўзи истиқомат қиладиган кўп қаватли уйларнинг олдида ташлаб, уй юмушлари билан шуғулланиб юрганлиги аниқланган ҳамда у процессуал тарзда ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Олмазор тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, М.А. айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.