Туркия шарқида разведкачи самолёт ҳалокатга учради

Туркия шарқида разведкачи самолётнинг ҳалокатга учраши оқибатида 7 нафар Туркия хавфсизлик хизмати ходими ва учувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Сулейман Сойлу маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, самолёт кузатиш ва кўздан кечириш вазифасини амалга ошираётган вақтда ҳалокатга учраган. Ҳалокат маҳаллий вақт билан соат 03:00 да Артос тоғида содир бўлган. Ҳаво кемаси 2 километр тепаликдаги тоғ жисмига урилган ва Ван провинцияси ёнида қулаб тушган.

Самолёт 13 июлдан эътиборан Ван ва Хаккари провинциялари ҳудудида разведка операцияларини амалга ошириб келган. Ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда.