Туркиянинг Демократик ва миллий бирлашиш куни Самарқандда ҳам нишонланди
2016 йил 15 июль куни Туркия Республикасида Фетуллоҳчи террор ташкилоти, яъни ФЕТО томонидан ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уриниш кузатилганди. Улар конституцияга зид равишда ҳаракат қилиб, Президент Режеп Тойиб Эрдоғанга суиқасд уюштириш ва мамлакатда ҳарбий ҳукумат ўрнатишни мақсад қилганди. Аммо Туркия халқи ўзининг бирдамлиги, демократик қадриятларга содиқлигини намоён этиб, бу фитна амалга ошишига йўл қўймаган, мамлакатнинг демократик давлат тузумини сақлаб қолган эди.
Шу сабабли Туркия халқи ва бу мамлакатнинг хорижий давлатлардаги идоралари ҳар йили 15 июлни Демократик ва миллий бирлашиш куни сифатида ёдга олади ва нишонлайди.
Жорий йилнинг март ойида Самарқандда фаолият бошлаган Туркия Республикасининг бош консулхонасида ҳам сана муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда айни пайтда Самарқандда яшаётган Туркия фуқароларининг бир гуруҳи таклиф этилган тадбирда 15 июль воқеалари ёдга олинди.
Самарқанддаги Туркия Республикаси бош консули Салиҳ Жанер бу ҳақда меҳмонларга гапириб берди.
– 15 июль куни ФЕТО томонидан Туркия миллий мажлисига биносига ҳужум уюштирилиши, Анқара ва бошқа йирик шаҳарларда кўчалар, турли бино ва иншоотларнинг эгаллаб олиниши, албатта, аҳолини саросимага солган эди, – деди Салиҳ Жанер. – Ўша пайтда меҳнат таътилида бўлган Президент шу куни кечқурун телевидение орқали тўғридан-тўғри чиқиш қилиб, халқни бирдамликка, мамлакатдаги демократик тузумни сақлашга, бунинг учун кўчага чиқишга даъват этди. Мана шу омил ва Туркия халқининг бирдамлиги ёвуз кучларнинг қора ниятларини амалга оширишларига тўсқинлик қилди. Албатта, кейинчалик бу ташкилот ва унинг хориждаги вакиллари ҳам Туркияга депортация қилиниб, жавобгарликка тортилди. Чунки кўплаб халқаро ташкилотлар ва давлатлар ФЕТОни террорчи ташкилот, деб эълон қилганди.
Маросимда 2016 йил 15 июлдаги воқеалар акс этган сурат ва видолавҳалар намойиш этилди.