Украинадаги зиддият: сўнгги воқеалар

Киев телеминорасига берилган зарба оқибатида беш киши ҳалок бўлди, беш киши жароҳатланди. Бу ҳақда Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар берди.

Киев мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, трансформатор подстанцияси ва минорадаги бошқарув хонаси шикастланган. Портлаш натижасида пойтахтда эшиттиришлар вақтинча тўхтатилган.



Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги “Россияга ахборот ҳужумлари содир бўлаётган Киевдаги қатор ҳарбий объектларга узоқ масофали қуроллар билан зарба бериш” режалари ҳақида огоҳлантирган ва аҳолини уйларини тарк этишга чақирган эди.

Киев яқинидаги Бровари шаҳрида бир кун аввалги авиазарбадан кейин вайроналар тозаланмоқда, натижада 8 киши жароҳатланган ва пойтахтга шарқдан олиб борувчи трассадаги назорат пункти шикастланган.

Россия қўшинларининг Харьков марказига ракета ҳужумлари натижасида камида 10 киши ҳалок бўлган, 35 киши яраланган, деди Украина ИИВ маслаҳатчиси Антон Герашченко. Унинг айтишича қурбон ва ярадорлар кўпроқ бўлиши мумкин.

Сешанба куни Россия Мудофаа вазирлиги Азов денгизининг Украина қирғоқларини назоратга олганини, шунингдек, Москва томонидан тан олинган ДХРнинг отрядлари Россия қўшинлари таркибига қўшилганини эълон қилди.

Хабар берилишича, бугун, чоршанба куни Украина ва Россия делегациялари ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди режалаштирилган. Душанба куни Беларус-Украина чегараси бўйича 6 соат давом этган музокаралардан сўнг томонлар "муайян қарорларни белгилаб" олишган ва пойтахтларда маслаҳатлашувлардан сўнг яна учрашишга келишган эди.

Шунингдек, бугун Венада Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг йиғилиши бўлиб ўтади. Россия кучлари Чернобиль атом электр станциясини назоратга олди. МАГАТЭ эса Москва ҳаракатлари Украина ядровий иншоотлари хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкинлигидан хавотирда.