Ургутда ёш бола аянчли калтакланганлиги ҳолати ўрганилмоқда
Ижтимоий тармоқда кичик ёшдаги боланинг боғчага юзи ва кўзлари жароҳатланган ҳолда келганлиги ҳамда уни отаси калтаклаганлигини айтиб бериши тасвирланган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани маълумот берди.
Мурғак болага нисбатан бундай шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолати Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.
Дастлабки маълумотга кўра, мазкур зўравонлик факти Ургут туманида юз берган бўлиб, ҳозирда туман ИИБ томонидан ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Болага нисбатан бундай ҳаракатга йўл қўйган шахслар, ким бўлишидан қатъий назар, қонунан жавоб бериши таъминланади. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади”, дейилади хабарда.