Ускуда ишсиз одам қолмайди

Самарқанд вилоят молия бошқармаси вакиллари Паст Дарғом туманида аҳолини камбағалликдан чиқариш масаласига қаратилган ишларга масъул қилиб бириктирилган. Улар «Бир маҳалла - бир маҳсулот» тамойили асосида ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида томорқачилик, қуёнчилик, паррандачилик билан шуғулланишлари учун яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

Жумладан, бошқарма вакиллари тумандаги Уску ва Қорасув маҳаллаларидаги 18 та оилага бройлер жўжаларини етказиб беришга кўмаклашди.

- Аҳолига жўжаларни етказиб бериш билан иш битмайди, уларнинг парваришига, ветеринар кўригидан ўтказишга эътибор қаратиш талаб этилади, - дейди вилоят молия бошқармаси оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Неъматжон Ёрматов. – Бизга бириктирилган Паст Дарғом туманидаги иккита маҳаллада ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 275 миллион 554 минг сўмлик имтиёзли кредит асосида 9 минг 100 бош тез етиладиган жўжа олишига амалий ёрдам кўрсатдик.

- Маҳалламизда 680 хонадон мавжуд, - дейди Уску маҳалла фуқаролар йиғини раиси Анвар Эрматов. – 45 та камбағал оила рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ҳаётини изга солиш учун бизга вилоят молия бошқармаси яқиндан ёрдам беряпти. 15 хонадонга 5 мингта жўжа олиб берилди.

Уску маҳалласида яшовчи Эшниёзовлар оиласининг 4 нафар аъзоси ишсиз эди. Улар имтиёзли кредит эвазига 700 бош жўжа олиб парваришлай бошлади.

- Бу жўжалар доимий эътиборга муҳтож, шунинг учун оиламизнинг 4 нафар аъзоси мазкур фаолият билан шуғулланамиз, - дейди Ноила Эшниёзова. – Таъминотчилар биздан маслаҳатларини аямаяпти. Қўлланмалар берган. Аслида бу жўжалар 45 кунда етилиши керак экан. Агар яхши қарасак, 30 кунда ҳар бири бир килограмдан зиёд гўшт қилиши мумкин. Агар шундай бўлса, белгилаб олган режамизни эртароқ бажариб, кредитни ҳам муддатидан олдин тўлаб қўйишимиз мумкин.

Вилоят молия бошқармаси вакиллари оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирларни давом эттирмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.