Уй қурувчилар тошни қаердан олади?
Президент фармони билан 2024 йил 1 майдан дарёлардан норуда материалларини қазиб олишга муддатсиз мораторий эълон қилинди.
Фармон билан мораторий дастлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари учун жорий этилган бўлса, кейинчалик рўйхатга Сирдарё дарёси ҳам киритилди. Мораторий ушбу дарёлар қирғоқлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида қум ва шағал материалларини қазиб олишни тақиқлайди. Мораторий даврида зарар учун ундириладиган жарималар 10 баравар кўпаяди ва экологик жамғармага ўтказилади.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси шуъба мудири Ўткир Абдусаломовга бу борада бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Хўш, энди якка тартибда уй-жой қурувчилар тошни қаердан ва қандай тартибда олади?
- Президентимизнинг 2024 йил 17 январдаги «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан жорий йилнинг 1 майидан Зарафшон дарёси ўзанидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинди, - дейди Ў.Абдусаломов. - Вазирлар Маҳкамаси томонидан мораторий татбиқ этиладиган ҳудудлар чегараларини белгилаш топшириғи берилган.
Вазирлигимизнинг тегишли хатига асосан ташкил этилган масъул вазирлик ва идораларнинг ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вилоятимизнинг Жомбой, Тойлоқ, Булунғур ва Ургут туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси ўзанини ўрганиб чиқди ва чегаралари белгиланди.
Президент фармонига асосан, Зарафшон дарёсида ўзан тозалаш ишларини олиб бораётган 9 та корхонага мораторий эълон қилингани туфайли огоҳлантириш хатлари берилди ва дарё ўзанидаги қазиш ишлари тўхтатилди.
- Тош олишнинг бошқа муқобил варианти борми?
- Фармонга асосан, дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ҳуқуқини фақат “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали реализация қилиш белгиланган.
Бундан ташқари, Президентнинг 2018 йил 9 июлдаги «Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги «Дарёлар ўзанларини тозалаш ишларига тадбиркорлик субъектларини электрон онлайн-аукцион орқали жалб қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинган.
Президентимизнинг 2018 йил 9 июлдаги қарорида тўпланиб қолган қум-шағал материалларидан тозаланиши лозим бўлган дарё ўзанларининг рўйхати Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижалари бўйича шакллантирилиши белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда мораторий жорий этилмаган дарёларда тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган қум-шағал аралашмаси жойлашган участкалар аниқланиб, комиссия томонидан ўрганиб чиқилади. Тошқинга қарши ҳукумат комиссияси рўйхатига киритилади ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан кейин “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали реализация қилинади.
Содда қилиб айтганда, Қорадарё ва Оқдарё дарёларининг муҳофаза ҳудудларида аукцион орқали белгиланган муддатда ҳокимлик, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, "Хавфсиз дарё" ташкилоти билан тузилган махсус шартномалар бор. Бу ҳудудлардан қонунга мувофиқ аукцион орқали кадастр идораси томонидан белгиланган ҳудуддан қум-шағал олиниши мумкин. Мораторий даврида қум-шағал олиниши тақиқланган ва атрофидаги завод, фабрикалар ҳам кўчирилиши белгилангани бу Зарафшон дарёсига татбиқ қилинади. Унинг ирмоқлари бўлган Қорадарё ва Оқдарёдан юқорида айтганимдек, қонун доирасида белгиланган муддатларда қум-шағал аралашмасини қазиб олишга рухсат этилади. Бироқ мораторий бошлангандан буён (1 январдан 28 майгача) дарёдан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 190 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга 1 миллиард 8 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. Бугунгача 652 миллион сўм ундирилиб, 7 ҳолатда жиноий иш қўзғатилган.
Мораторий даврида қум-шағал маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари (дробилкалар) учун Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан вилоятнинг Ургут, Самарқанд ва Нуробод туманлари ҳудудларидаги 14 та кон ва истиқболли участкаларда жами 9 миллион метр кубдан ортиқ норуда қазилма бойликлари захираси аниқланган. Мазкур конлар электрон аукцион савдо платформаси орқали тадбиркорлик субъектларига таклиф этилган. Ушбу участкалардан ҳам фойдаланиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
- Кўп қаватли уй қурувчилар тошни қаердан олади, тўлов жорий этиладими? Бу уй-жой нархига таъсир кўрсатмайдими?
Бугунги кунда мораторий жорий этилмаган дарёларда тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган қум-шағал аралашмаси жойлашган участкаларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда. Тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тадбиркорлик субъектларига шартнома асосида қум-шағални қазиб олиш бўйича рухсат берилган участкалардан олинади.
Ўктам ХУДОЙБEРДИЕВ суҳбатлашди.