Вилоят ҳокимлигининг қанча хизмат уйи бор?
Ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Ҳужжат билан барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди.
Эндиликда, давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 10 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради. 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.
Очиқ маълумотлар порталида жойлаштирилиши шарт
Жорий йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:
- мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
- Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
- ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.
Веб-сайтга мажбурий қўйилади
Давлат органлари ва ташкилотлари жорий йил 1 июлдан бошлаб ўз ҳузурида фаолият юритувчи жамоатчилик кенгашлари билан биргаликда расмий веб-сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириб, уларнинг ҳар чоракда янгиланиб борилишини таъминлайди:
- жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда уларнинг алоқа маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари);
- жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар;
- давлат харидларини амалга оширувчи комиссиянинг тасдиқланган аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, иш жойи ва эгаллаб турган лавозими);
- лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган органларнинг ҳудудлар кесимида масъул ходимлари, шу жумладан ушбу тоифадаги ҳужжатларни беришни ташкиллаштирадиган тегишли комиссия аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, эгаллаб турган лавозими).
Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотдан фойдаланиш қулай бўлади
Ҳар йили 1 мартга қадар давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботини (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтига жойлаштириши шарт.
Расмий веб-сайтларда, шунингдек, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобига харид қилиниши режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги маълумотлар (харид эълон қилинишидан камида 6 ой олдин) кўрсатилиши керак.
Бундан ташқари, давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш бўйича ташкил этиладиган харид комиссияларининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, харид комиссияси таркибини тасдиқлаш ҳақидаги қарор, харид комиссияси аъзоларининг маълумотлари (фамилияси, исми ва отасининг исми, иш жойи ва эгаллаб турган лавозими) эълон қилинади.
Ҳокимликларнинг қанча хизмат уйи, қанча автомашинаси бор?
Президент фармонида бу маълумот Очиқ маълумотлар портали, расмий веб-сайтда жойлаштирилиши шартлиги белгиланган. Давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, ушбу корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар тасарруфидаги енгил автомобиллар ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар ҳам шу тоифада кўзда тутилган.
Тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳам расмий веб-сайтига жойлаштириши шарт.
Энди, маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам расмий веб-сайтлардан акс этиши зарур.
Имтиҳонлар интернет тармоғида жонли эфирга узатилади
Бу амалиёт ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун тест ва ижодий синовлар, магистратура босқичига қабул имтиҳонлари ҳамда республикадаги ёки хориждаги ОТМдан республикадаги давлат ОТМга ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонларда қўлланилади.
Шунингдек, хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовлари ҳам интернет тармоғида жонли эфирга узатилади.
Тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлар бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно)да ушбу амалиёт қўлланилади.
Очиқлик рейтинги юритилади
2021 йил 1 декабрдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари телеканаллар, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилади.
Шунингдек, ҳар йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланади.
Жавобгарлик механизми бўлади
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган.
Бироқ бу қонунбузарлик учун жавобгарликнинг ҳуқуқий механизм йўқ. Шу сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилади.