Вилоятдаги ягона кардиожарроҳ аёл «шифокорлик»ни мактабдаёқ бошлаган
Суҳбатимиз аввалида фикрларимнинг ҳаммасини берасизларми, ўчирмайсизларми, деган талабни қўйган жарроҳ аёлни бугун кўпчилик яхши танийди.
«Мен бу натижаларга бир ўзим эмас, вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси яратган шарт-шароитлар, ажойиб жамоамиз туфайли эришдим. Нега бу сўзларимни мендан интервью олганлар ўчириб ташлашади, ҳайронман», дея ҳайратланган Нисо Турдиева яқинда мамлакатимиз раҳбари Фармони билан II даражали «Саломатлик» ордени соҳиби бўлди. Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг кардиохирургия бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, болалар ҳаётини уларнинг юрагини жарроҳлик амалиёти орқали асраб қолаётган Нисо Турдиева ёш бўлишига қарамай шундай даражага қандай эришгани ҳақида билиш кўпчилик учун қизиқ бўлса керак.
- Мақсад қўя билиш ва унга қараб ҳаракат қилиш бу ҳаётда энг муҳими, назаримда, – дейди Н.Турдиева. - Қийинчиликлардан қўрқмаслик, ўз устида ишлаш мақсадга етиш йўлидаги янаям муҳим қадамлардан бири. Мактаб давриданоқ ким бўлишим ҳақида аниқ режаларим бўлган. 4-5 ёшларимда албатта, шифокор бўламан, деб юрардим. Оилада бешинчи фарзанд бўлганим учунми, кўп касалликка чалинардим. Шифохонада кўп ётганимга уйга келиб ҳам ўша ердаги муҳитни айтиб, тақлид қилардим.
- Мактабни тугатгач, борадиган жойингиз аниқ бўлган демак, тўғрими?
- Гарчи, ота-онам қаршилик қилишган бўлса-да, Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ҳужжатларимни топширдим. Икки йил кира олмадим, учинчи йили мақсадим амалга ошди.
- Аёллар кам танлайдиган соҳа - кардиожарроҳликка тўхталганингиз ҳам асосий мақсадларингиздан бири эдими?
- Албатта. Тошкент педиатрия институтида ўқиб юрган пайтим, 4-курсдан сўнг ўқишни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги тиббиёт академиясида давом эттиришимга имкон бўлди. Ўша ерда жарроҳ бўлишга қатъийроқ аҳд қилганман.
- У ердаги тиббий таълим билан юртимиздаги бу борадаги ўқитиш тизимида қандай фарқларни ҳис қилдингиз?
- Назарий жиҳатдан Тошкент педиатрия тиббиёт институтидан борган талабаларнинг билими кучли эди, буни у ердаги устозларимиз ҳам тан оларди. Фақат амалий дарсларда бироз оқсардик. Аммо институтни тугатаётганда бу борада ҳам яхши натижаларга эришдик. Санкт-Петербург тиббиёт академиясини қизил диплом билан тугатдим. Шунинг учун ректор менга ушбу таълим муассасасида қолиб, илмий иш қилишимни сўради. Бу ерда кардиожарроҳлик йўналиши бўлмагани туфайли рози бўлмадим. Москвадаги А.Бакулев номли юрак-қон томир касалликлари жарроҳлиги илмий-тадқиқот институтига ҳужжатларимни топшириб, кейинги босқич таълимни давом эттирдим. Шу ерда тиббиёт фанлари номзоди даражасини олдим.
- Ўзга юртда бундай натижаларга эришиш осон бўлмагандир?
- Мусофирчиликда албатта, моддий ва маънавий қийинчиликлар бўлади. Москвада етти йил яшаган бўлсам, ҳам илмий иш қилдим, ҳам ишладим, тажриба орттирдим. Шу муддат давомида шифохонанинг ўзида яшашимга тўғри келди. Бир томонда юрт, ота-она, қариндошлар соғинчи. Аммо ҳаммасини енгиб ўтишим керак, яхши мутахассис бўлишим шарт, деган мақсад барча қийинчиликлардан ўтишимга ёрдам берди.
- У ерда энди ўз йўлингизни топиб олган пайтингиз юртимизга қайтишга туртки бўлган асосий нарса нима эди?
- Мен аниқ мақсад билан у ерга боргандим. Яъни, мамлакатимизда мутахассис кам бўлган соҳа – кардиожарроҳликни яхши ўрганиб қайтиш. Фақат бунчалик тез қайтаман, деб ўйламагандим. Республикамизда чет давлатлардаги мутахассисларни қайтариш, уларга шарт-шароит яратиш бўйича олиб борилган ишлар туфайли Самарқандда ўзим ўрганган мутахассислигим бўйича иш бошлашим менга катта мадад бўлди. Ўзга юртда илм ўрганиб юрган пайтларим бир бошпанам бўлсайди, дея орзу қилардим. Шукур, бу ерда шундай имконият яратишди.
- Биринчи марта деган фикрнинг ўзи кишига масъулият юклайди. Самарқандда шу пайтгача бўлмаган соҳа – болалар кардиожарроҳлигини бошлаб бериш сизни чўчитмадими?
- Аввало, жарроҳ учун муҳим бўлган хусусиятлардан бири – қўрқувга, ҳис-ҳаяжонга берилмаслик. Акс ҳолда, ундан яхши жарроҳ чиқмайди. Бу соҳани йиллаб ўргандим, Москвада операцияларни амалга оширдим, ўзимга нисбатан ишонч пайдо бўлди. Энди бу касаллик билан қийналаётган одамларга ёрдам бериш, уларни ҳаётга қайтариш керак. Қўрқув эмас, шижоат билан бошладим ишни. 2019 йилда Самарқандда иш бошлаган бўлсам, 2020 йилда 400 га яқин операцияни амалга оширдик. Ўша йиллари Самарқанддан ташқари, қўшни вилоятлардан ҳам беморларни қабул қилган бўлсак, бу йил республикамизнинг барча вилоятларидан келган беморларни даволадик. 2020 йилда бир кунда 20 нафар бемор мурожаат қилган бўлса, бу йил уларнинг сони 60 нафарга етди.
- Бу юрагида туғма нуқсон билан туғилаётган болалар сони кўплиги билан изоҳланадими?
- Назаримда, ушбу соҳада диагностиканинг яхшиланиши мурожаатлар сони кўпайганига сабаб. Кейин барча вилоятлардан келувчилар сони кўплиги билан боғлиқ. Шунинг учун 10 ўринли бўлим бугунги кунда 20 ўринга етказилди.
- Ушбу операция учун зарур бўлган тиббий ускуна бир неча миллион сўм туриши ҳақида эшитганмиз. Айтингчи, кам таъминланган оила фарзандлари учун имтиёзлар борми?
- Шу йили «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг 40 нафарга яқин фарзандларида республикамиздаги «Замин» фонди кўмагида бепул операция ўтказилди. Бундай ишлар ҳамон давом этмоқда. Бошқа фондлар, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига шундай ёрдамлар кўрсатилмоқда.
- Билишимизча, битта юрак операциясини амалга ошириш учун 4-8 соат вақт сарфаланар экан. Бир кунда иккита операцияни ўтказишимга ҳам тўғри келади, деяпсиз. Иш вақтингиз қачон бошланади-ю, қачон дам оласиз?
- Эрталаб соат 6:00 да ишда бўлишим шарт. Чунки операция одатда шу пайтда ўтказилади. Жарроҳ операцияга кирар экан, 3-4 соатда ишимни якунлаб чиқаман, деб айтолмайди. Баъзида тик оёқда 8 соатлаб қолиб, операцияни амалга оширишимизга тўғри келади. Ундан кейин беморларга қараш ва бошқа ишлар билан кеч соат 19:00 гача давом этиши мумкин.
- Бундай босим билан бўладиган ишдан кейинги чарчоқларни қандай ҳайдайсиз?
- Биласизми, операциядан кейин 2-3 соат ўтиб, баъзи болаларнинг юзларига қизиллик югуради, илгариги кўкаришлардан асар ҳам қолмайди. Оналар операциядан сўнг ўз фарзандларини танимай қолган ҳолатлар ҳам бўлган. Уларнинг кўзидаги ҳайрат, тилидаги миннатдорчилик туфайли барча чарчоқларим чиқиб кетади. Бир гўдакнинг ҳаёти яхшиланиши кўз ўнгингда намоён бўлар экан, бу ҳолат шифокорга куч-ғайрат беради. Касбини яхши кўрган одам ишидан куч олади, менимча.
- Болаларнинг юрак нуқсони билан туғилишига нима сабаб деб ўйлайсиз? Ота-оналарга бу борада қандай тавсия берган бўлардингиз?
- Бемор болалар статистикасини таҳлил қилганимизда Ургут, Тойлоқ туманларидан беморлар кўпроқ келишини билдик. Қолаверса, қариндошлар ўртасидаги никоҳли оилалар фарзандларида ҳам шундай нуқсонлар кўп учрайди. Оналарнинг скрининг текширувидан ўтмаслиги, ҳомиладорлик пайтида беэътибор бўлиши шундай оқибатларга олиб келиши мумкин.
- Масъулият ва билим талаб этадиган ишингизга омад тилаймиз. Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.