Вилоятнинг 24 та ҳудудида Янги йил байрами олдидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди
Байрамлар арафасида вилоятимиздаги деҳқон бозорларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этиш анъанага айланган. Халқимиз орзиқиб кутадиган, катта шодиёналар билан нишонлайдиган Янги йил байрами ҳам бундан мустасно эмас.
Вилоят бозорлар ва савдо комлекслари уюшмаси маълумотига кўра, бу йил вилоятимизнинг 24 та ҳудудида ана шундай ярмаркалар ташкил этилган. Уларнинг 6 таси Каттақўрғон туманининг Ингичка, Паяриқнинг Накурт, Нурободнинг Жом қишлоқлари сингари олис манзилларда жойлашган.
— Ярмаркаларга асосий турдаги маҳсулотлар бозорлар қошидаги савдо-харид қилиш корхоналари захирасидан, қолганлари фермер хўжаликлари ҳамда тижорат фирмаларидан чиқарилмоқда, - дейди уюшманинг савдо бўлими бошлиғи Қаҳрамон Орипов. – Ҳар бир маҳсулот бозор қийматидан арзонроқ нархда сотилиши устидан доимий назорат олиб борилмоқда. Истеъмолчиларни алдаш ҳолатларининг олдини олиш учун расталарга маҳсулот нархлари ёзиб чиқилган. Хусусан, мол гўшти 70 минг сўмгача, қўй гўшти 75 минг сўмгача, товуқ гўшти 27 минг, тухум эса 1100 сўмдан қиммат бўлмаслиги керак.
Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон бозори”да ташкил этилган ярмарка ҳам кун давомида харидорлар билан гавжум. Эътиборлиси, бу ердаги айрим маҳсулотлар белгиланган нархдан ҳам арзонроқ сотилмоқда.
— Ярмаркамизда мол гўшти 65 минг сўм, қўй гўшти 70 минг сўмдан сотиляпти, - дейди бозор директори Шеҳроз Аббосов. — Бошқа турдаги маҳсулотларнинг ҳам имкон қадар арзон нархларда сотилишини таъминлаяпмиз. Ярмаркада фермерлардан ташқари 30 га яқин тадбиркорлик субектлари, қандолат цехлари иштирок этаётганлиги харидорларнинг танлаш имкониятини оширмоқда.
— Ҳар доим Янги йил дастурхони учун бозорликни ярмаркадан қиламиз, - дейди Самарқанд шаҳри Қорасув массивида истиқомат қилувчи Оботой ая Тошпўлатова. – Бу ердаги маҳсулотларнинг сифати ҳам яхши, нархлари ҳам арзонроқ. Бободеҳқонлар, фермерларнинг самимияти, очиқлиги кишининг кайфиятини кўтаради. Келиним иккимиз анча вақтдан бери бозордамиз, лекин чарчоқни ҳис қилганимиз йўқ.
Ярмаркалар 2024-йилнинг 10-январига қадар давом этади.