Халқаро ҳамширалар куни.
Жонингиз оғриғи дам олиш куни ё байрам нималигини билмайди, истаган пайти сизни безовта қилиши мумкин. Шундай пайти шифокорнинг бир оғиз ташхиси, ҳамширанинг битта эм дориси ҳаётингизни тубдан ўзгартириб юборади. Кези келганда ҳаётингизни ҳам асраб қолади. Улар бугун, сиз дам олаётган пайти ҳам беморлар атрофида парвона, уларга тиббий хизмат кўрсатишга шай. Бугун ана шундай қўли эм ҳамширалар байрами.
Жаҳонда ҳар йилнинг 12 майи — Халқаро ҳамширалар куни сифатида кенг нишонланади. Мамлакатимизда ҳам профессионал ҳамширалар фаолиятининг асосчиси Флоренс Найтингейлнинг таваллуд куни шарафига белгиланган бу санада ўрта тиббиёт ходимларининг заҳматли меҳнати эътироф этилади. Уларга эъзозу эҳтиром кўрсатилади. Ўрта тиббиёт ходимлари ишини рағбатлантириш мақсадида юртимизда ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда.
Ҳар йили ўтказиладиган “Ҳамшира” анъанавий кўрик-танлови ҳамда “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловлари ҳамширалар орасидан энг сараларини кашф этишга, улар фаолиятини рағбатлантиришга кўмакчи бўлмоқда.
Бугунги кунда вилоятдаги 300 га яқин тиббиёт муассасасининг 8 минг нафарга яқин врач ва 27 минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.