Халқаро террорчилик гуруҳининг 25 аъзоси қўлга олинди

Кеча, 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ДХХ, ИИВ ҳамда Тошкент шаҳар ДХХБ, ИИББ ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» (ТЖК) халқаро террорчилик ташкилотига алоқадор бўлган гуруҳлар тарафдорларининг ноқонуний фаолияти фош этилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.

Дастлабки тўпланган маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда халқаро террорчилик ташкилоти, ТЖК сафида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.Абдуқаҳҳоров ва унинг раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги видеороликларни муҳокама қилиб, «ҳижрат» ва «жиҳод» амалларини бажариш мақсадида Сурия Араб Республикасига чиқиб кетишни режалаштирганлар.

Таъкидлаш жоизки, ушбу шахслар орасида 3 нафари муқаддам терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаб чиққан бўлса-да, тегишли хулоса чиқармасдан, фаолиятини қайта тиклашга уринган.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2442-моддаси 1-қисмига (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосан қўзғатилган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Сирғали ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидаги 25 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 25 нафар шахс қўлга олинди.

Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилган. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Маълумот тариқасида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига асосан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.