Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Турк Қуролли кучлари: Сурия ва Ироқда 184 нафар террорист йўқ қилинди. БМТ томонларни вазминликка чақирмоқда

Турк Қуролли кучлари Сурия ва Ироқда икки кун олиб борган “Чангал-қилич” амалиётида 184 нафар террористни зарарсизлантирди. Бу ҳақда Туркия миллий мудофаа вазири Хулуси Акар маълум қилди.

“Чангал-қилич” операцияси давомида 184 нафар террорист ҳаво ва ердан туриб йўқ қилинди. Сўнгги террорчи йўқ қилинмагунча курашимиз давом этади", дея унинг сўзларини келтиради мамлакат мудофаа вазирлиги.

Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг “Чангал-қилич” операцияси 50 дан ортиқ самолёт ва 20 та дрон иштирокида амалга оширилди. Зарбалар Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси ва Суриядаги курдлар тузилмаларига берилган.

Туркия Мудофаа вазирлиги Ироқ шимолидаги Қандил, Асос, Хакурк ҳудудлари билан бир қаторда Сурия шимолидаги Арап-Пинари, Телл Рифат, Cизре ва Дерик ҳудудларида операция муваффақиятли ўтказилганини маълум қилди.

Туркия матбуотига кўра, Туркия билан чегарадош шаҳарлар Сурия томонидан ўққа тутилиши ортидан душанба куни Туркиянинг қирувчи самолётлари Сурия ҳудудларига зарба беришни давом эттирган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Туркиянинг Ироқ ва Сурия шимолидаги ҳаво амалиёти муносабати билан барча томонларни босиқликка ва кескинлашувни тўхтатишга чақирди.

3 ноябрь куни Истанбулда содир бўлган теракт натижасида 6 киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Тергов маълумотларига кўра, ҳужумда Курдистон ишчи партияси ва курдларнинг Суриядаги “Ўз-ўзини мудофаа халқ кучлари» иштирок этган.