ХДПнинг “Энг намунали депутат”и аниқланди
Амалдаги қонунчиликка кўра депутатлар турли соҳаларда фаолият юритувчи, тажрибали, фидоий, жамиятда ҳурмат қозонган ва обрў-эътиборга эга шахслар орасидан сайланади. Депутат нафақат ўз сайловчиларининг, балки тегишли ҳудудда яшовчи барча фуқароларнинг вакили ҳисобланади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этади, ҳимоя қилади ва қўллаб-қувватлайди.
Давлатимиз раҳбари бу борадаги фаолиятни кенгайтириш, хусусан, маҳаллий кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари, айниқса, туман ва шаҳар маҳаллий бўлимлари билан янгича ёндашувлардан фойдаланган ҳолда ўзаро ҳамкорлик қилиши зарурлиги ҳақида ўз чиқишларида таъкидлаб келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг “Ташаббус ва ғояларимиз мустақил, янги Ўзбекистон тараққиёти учун!” шиори остида “Энг фаол депутат” кўрик-танлови ташкил этилган. “Кенгашлар уйи”да ўтказилган танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичи ғолиблари ўзаро куч синашди.
- Кейинги вақтларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бера бошлади, - дейди партия вилоят Кенгаши раиси Б.Насриев. - Шу жиҳатдан депутатлари ўртасида ўтказиладиган бу каби танловлар, депутатларнинг ўзаро тажриба алмашиши, фаолият самарадорлигининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.
Аслида танлов “Ўзбекистон-2030” стратегиясинининг «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид дастурнинг партия сайловолди дастурига тааллуқли бандлари ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари иш самарадорлигини ошириш, партиянинг сайловолди дастур ижросини таъминлашда барча даражадаги депутатлик корпуси салоҳиятини такомиллаштириш мақсадида ташкил қилинган.
Шунга кўра, танлов иштирокчилари 3 та шарт асосида баҳолаб борилди.
Хусусан, аҳоли муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли, деб белгиланган биринчи шартда депутатлар сайлов округларидаги аҳолининг ижтимоий масалаларига оид муаммоларини ўрганиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, партиянинг сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни қай тарзда йўлга қўйганини баён қилди.
Сиёсий ҳозиржавоблик шартида Конституция ва қонун ҳужжатлари асосида тайёрланган саволларга жавоб берилди. Муаммони ҳал қилиш, хусусан, сайловчилар мурожаатларини кўриб чиқиш тажрибалари синовдан ўтказилди.
- Иккинчи марта депутатликка сайланганман, - дейди халқ депутатлари Нуробод тумани кенгаши депутати Баҳодир Ибодуллаев. – Ҳудуд чекка, табиийки инфратузилма ҳаминқадар эди. Вилоят ҳокимигача чиқдик, биз сўров киритмаган бирор давлат ташкилоти қолмади ҳисоб. Бу ҳаракатларимиз натижасини бугун Чорвадор маҳалласи аҳли кўриб, гувоҳи бўлиб турибди. Хурсанд қиладигани шуки, ҳудудимиз бугун ишсизсизликдан холи бўлган.
Айни шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, Б.Ибодуллаев вилоятда энг фаол депутат, деб топилди. У танловнинг республика босқичида вилоятимиз номидан иштирок этади.
Кўрик-танловда иштирокчилар орасидан “Энг шижоатли депутат”, “Ташаббускор депутат”, “Энг меҳнаткаш депутат” номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар ҳам партиянинг сертификат, эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ёқубжон Марқаев.