Ходимнинг иш ҳақи тўлаб берилади

Таҳририятимизга Паст Дарғом тумани Чортут маҳалласида истиқомат қилувчи Отабек Холмуродовдан шикоят хати келди.

Мурожаатчининг таъкидлашича, у вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси тасарруфидаги «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасида 2017 йил 4 ноябрдан буён ҳайдовчи вазифасида меҳнат қилиб келган. 2018 йилнинг октябрь ойида «Тоза ҳудуд» корхонасининг Самарқанд шаҳар филиали фаолияти тўхтатилади.

- Умуртқа поғонамдан операция қилинганим боис меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолдим, - дейди О.Холмуродов. – Ҳозирда фаолияти тугатилган ушбу корхонада уч ойлик маошим қолиб кетган. Ҳисобчиларга учрашсам «қачон ҳисоб рақамимизга пул тушса, ўшанда ойлигингизни берамиз», дейишди. Иш ҳақимни ундириб беришларингизни сўрайман.

Ушбу шикоят хатига вилоят «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасидан қуйидаги мазмунда жавоб хатини олдик:

Дарҳақиқат, корхонамизнинг шаҳар ва туман филиалларининг даромади ҳаражатини қопламагани сабабли ишчи-ходимларимизнинг ойлик иш ҳақини икки-уч ойлаб кечикиб тўлаб беришга мажбур бўлаётгандик. Шунингдек, давлат унитар корхонанинг Самарқанд шаҳар филиали 2018 йилнинг 1 октябридан тугатилиб, унинг барча техникалари «Мароқанд обод» давлат унитар корхонасига ўтказилди. Ҳозирги кунда ҳисоб рақамимизда маблағ етишмовчилиги сабаб Самарқанд шаҳридаги собиқ филиалимизнинг ходими О.Холмуродовнинг 1 136 568 сўмлик иш ҳақини тўлаб бериш бўйича қарздорлигимиз мавжуд. Президентимизнинг 2018 йил 22 ноябрда имзолаган «Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2019 йилнинг 1 январидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро буюросига юклатилди. Шу ой якуни билан мажбурий ижро бюроси шаҳар ва туман бўлимлари томонидан қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўлов маблағлари ҳисоб рақамимизга келиб тушади. 2019 йилнинг февраль ойида фуқаро О.Холмуродовнинг иш ҳақи қарздорлигини тўлиқ қоплашимизни маълум қиламиз.

Зафар ЮСУПОВ, корхона директори.