Хонанда Жасур Умировга суд ҳукми ўқилди
Бугун жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида судланувчилар Жасур Умиров ва бошқаларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилди.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февралдаги ҳукмига кўра Ж.Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мазкур жиноят иши бўйича судга раислик қилувчи томонидан томонларга, шу жумладан судланувчилар, жабрланувчи ва унинг қонуний вакилига, ҳукм нусхасини олган вақтдан бошлаб йигирма сутка муддат ичида шу суд орқали Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилишга ва протест келтиришга ҳақли эканлиги тушунтирилди.