Самарқандда 19 ёшли қизнинг иш жойида зўрлангани муҳокама қилинди. Жиноят иши юзасидан тергов ўтказиш прокуратура органлари терговчиларига топширилди

Фуқаро Ф.А. ўзининг “Спарк” автомашинасида М.Б.нинг қўлларини боғлаб, мажбурлаб номусига теккан. Ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалгач, терговга қадар текширув натижасига кўра 12 июнда жиноят иши қўзғатилган.

Кеча, 23 июнь куни ушбу жиноят иши вилоят прокурори Равшан Машарипов бошчилигида вилоят прокуратураси ва ИИБ раҳбарларининг соҳавий ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари, ИИБ терговчилари, жабрланувчи, айбланувчи, уларнинг вакиллари ва ҳимоячилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида вилоят прокурори жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари малакали ўтказилмаганини, муқаддам шунга ўхшаш ҳолатларда йўл қўйилган камчиликлар ҳали ҳам такрорланиб келаётганини қайд этди. Таъкидланишича, юқоридаги ҳолат бўйича айбдор аниқ бўлса-да, воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалгандан сўнг айбланувчига нисбатан 21 июнь куни эҳтиёт чораси танланган.

Маълум қилинишича, вилоят прокурори томонидан жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатларини давом эттириш прокуратура органлари терговчиларига топширилган. Шунингдек, шаҳар ИИБ ходимларининг ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинланиб, иш вилоят прокурорининг шахсий назоратига олинган.