8 январь - Прокуратура ходимлари куни
Самарқанд вилояти прокуратураси ўз фаолиятини 1938 йилда бошлаган. Ўша даврда 3 та - махсус ишлар ва милиция органлари, тергов ва қамоқхоналарни ҳамда судлар устидан назорат қилиш бўлимларида 8 нафар ходим фаолият олиб борган.
Катта авлод вакиллари яхши эслайди: илгари асосий иш қуроли ёзув машинкалари бўлган. Бир неча ўнлаб жилд бўлиб кетадиган жиноят ишлари ва бошқа иш материалларини ёзиш учун тунлар тонгга уланган. Шу маънода ҳаётимизга компьютер техникалари кириб келганда энг кўп хурсанд бўлган прокуратура ходимлари бўлса керак.
Илгари аксарият туман-шаҳар прокуратуралари мослаштирилган биноларда иш юритарди. Четдан келган ходимлар ҳар ким ўзи ижара квартира топиб жойлашган.
Бу борада кейинги йилларда катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Мисол учун, 2018 йилда вилоят прокуратурасига қўшимча бинолар қурилиб, атрофи ободонлаштирилди. Ходимлар учун барча қулайликларга эга спорт зали, ошхона, катта ва кичик мажлислар заллари ишга туширилди.
2014 йилдан буён Қўшработ, Каттақўрғон шаҳар, Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Нуробод, Иштихон, Нарпай, Булунғур, Жомбой ва Қўшработ туман прокуратуралари барча қулайликларга эга янги замонавий биноларга эга бўлди.
Пайариқ ва Каттақўрғон туман прокуратураларининг бинолари капитал таъмирланди.
Уларда ҳар бир ходимга вазифасига мос шароитли алоҳида хоналар бор. Узоқдан келиб ишловчилар учун шинам меҳмонхоналар мавжуд.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда қонунийликни мустаҳкамлаш, барча ислоҳотлар, шу жумладан, давлат дастурлари ижросини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 6945 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди ва шу асосда қарийб 2 мингдан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Протест келтириш йўли билан мансабдор шахсларнинг 2367 та ноқонуний ҳужжатлари қонунларга мувофиқлаштирилди. 3364 нафар мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди.
Ўтказилган текширувлар ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 25 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг ундирилиши таъминланган.
Прокурорлар секторида “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган 18907 нафар йигит-қизлардан 18 687 нафарининг муаммолари ҳал этилиб, "дафтар"дан чиқарилган.
"Аёллар дафтари" рўйхатига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 19267 нафар хотин-қизнинг барча муаммолари ижобий ечим топган.
Шу ўринда яна бир гап. Прокуратура органлари коррупцияга қарши курашнинг энг олдинги сафларида туради. Бировга ақл ўргатиш учун, аввало, ибрат бўлиш лозим. Шу боис, бугунги кунда тизимда ходимларнинг энг бирламчи муаммоларини ҳал этишга катта эътибор бериляпти. Мисол учун, ёш ходимларга уй, автомашина олишида имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Яхши натижага эришган ходимлар ҳам маънавий, ҳам моддий рағбатлантирилиб борилмоқда.