Вазифасига совуққонлик билан ёндашган 18 нафар прокуратура ходимига интизомий жазо қўлланилди

2021 йил 18 ноябрь куни Бош прокуратурада кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтган.

Йиғилишда кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, ходимлар томонидан ўз хизмат бурчига масъулият, садоқат ва ҳалоллик билан ёндашишларини ҳамда ҳар қандай қонун бузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасиз курашишларини таъминлаш борасида зарур чора - тадбирлар белгиланди.

Қайд этилишича, видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда прокуратура органларининг барча тезкор ходимлари, прокуратура фахрийлари ҳамда жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этган.

Йиғилишда прокуратура органларининг баъзи ходимлари томонидан содир этилган ножўя ва номуносиб хатти-ҳаракатлар, шу жумладан коррупциявий ҳолатлар ҳамда буларга имкон берган сабаб ва шарт-шароитлар кескин танқид қилинган.

Вилоят, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг, департамент ва Бюро раҳбарларининг ҳисоботлари, тушунтириш ва изоҳлари эшитилган.

Муҳокама натижасига кўра, фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлган 18 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Шу билан бирга, ходимлар масъулиятини тубдан ошириш, прокуратура ходими деган номга доғ туширувчи ножўя хатти–ҳаракатлар содир этмасликлари ҳақида қатъий огоҳлантирилган.