Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида тажриба алмашади
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги делегация Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари Бош прокурорларининг Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 31-йиғилишида иштирок этди.
Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси Бош прокурорларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди ва унда томонлар бир қатор масалалар, жумладан, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашдилар. Қирғиз Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига икки давлат чегарадош ҳудудлари прокурорларининг учрашувларини ўтказиб туриш бўйича таклиф билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Қирғиз Республикаси Бош прокуратураси ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастури имзоланди. Ушбу ҳужжат 2006 йил 3 октябрда Тошкент шаҳрида имзоланган икки давлат Бош прокуратуралари ўртасида ҳуқуқий ёрдам ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим қоидаларининг амалий ижросини таъминлашга ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида тажриба алмашишга хизмат қилади.