Вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланаётган хонандага нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди

Хонанда Ж.У. вояга етмаган Ш.М.нинг номусига текканлиги ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар бўйича 2020 йил 9 октябрда Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда иш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вояга етмаган Ш.М. адвокати М.Рустамова билан биргаликда вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, Ж.У.га нисбатан жиноят иши тергов ҳаракатларидан норозилигини баён этган.

Мурожаат Самарқанд вилояти прокурори Р.Машарипов томонидан ўрганилди. Ариза муаллифи, адвокат М.Рустамова, вилоят прокуратураси ва ИИБ масъуллари иштирокида 2020 йил 18 декабрь куни қабул қилиниб, жиноят иши назоратга олингани ва тез кунларда қонуний қарор қабул қилиниши таъкидланди.

Шундан сўнг ишда тўпланган далиллар асосида Ж.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, суднинг 2020 йил 21 декабрдаги ажримига асосан, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Самарқанд вилояти прокуратураси берган маълумотларга кўра, жиноят иши тергови вилоят прокурори Р.Машарипов томонидан алоҳида назоратга олинди.